Замонавий боғча фойдаланишга топширилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Мирзаобод тумани аҳли учун яна бир қувончли воқеа юз берди. Деҳқонобод маҳалласида жойлашган 17-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирланиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган мазкур лойиҳа Мустақиллик байрами арафасида аҳолига муносиб туҳфа бўлди.
Лойиҳани амалга ошириш учун 4 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Таъмирлаш ишлари давомида муассасанинг ташқи ва ички қисми тўлиқ янгиланиб, гуруҳ ва машғулот хоналари, ётоқхоналар, ошхона, санитария хоналари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ҳудуди замонавий талаблар асосида қайта жиҳозланди. Муассаса замонавий мебель, ўқув-тарбия воситалари ва зарур жиҳозлар билан таъминланди.


Тантанали очилиш маросимида Мирзаобод тумани ҳокими Абдураҳим Умаров, соҳа ходимлари, нуронийлар, ота-оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди. Тадбирда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ҳар бир бола учун муносиб таълим муҳитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.
Янгиланган муассасада тарбияланувчиларнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол камол топиши учун барча шароитлар яратилди. Кенг ва ёруғ гуруҳ хоналари, шинам ётоқхоналар, замонавий ошхона, мусиқа ва жисмоний тарбия машғулотлари хоналари, хавфсиз ўйин майдончалари ҳамда ободлаштирилган ҳудуд болажонларнинг сифатли таълим-тарбия олишига хизмат қилади.


Бугунги кунда Мирзаобод туманида мактабгача таълим билан қамров даражаси 86,9 фоиздан ошган. Бу кўрсаткич соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, таълим муассасаларини замонавийлаштириш ва янги инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарасининг ёрқин ифодасидир.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири