Фарғонада ахборот соҳасига оид ҳудудлараро семинар ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ҳудудлараро ўқув-семинар ташкил этилди.
“Ахборот маконида миллий қонунчилик талаблари, контент масъулияти ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида ўтказилган тадбирда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, матбуот котиблари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари семинарга онлайн тарзда ҳам қўшилди.
Семинарда ахборот соҳасида миллий қонунчилик талабларига риоя этиш, ахборот маҳсулотларини амалдаги меъёрлар асосида тайёрлаш ва тарқатиш, мониторинг ҳамда профилактика ишларини такомиллаштириш, шунингдек, болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-30535]
Тадбирда ахборот соҳаси ходимларининг ҳуқуқий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, ахборот маҳсулотларини ёш тоифалари бўйича таснифлашга оид ёндашувларни такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Семинар якунида ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари оммавий ахборот воситалари вакилларига сертификатлар топширилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА