Гўнгўр Явузаслан: Турк дунёси XXI асрнинг янги геосиёсий босқичига қадам қўймоқда
Сўнгги йилларда Марказий Осиёда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва геосиёсий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият диққат марказида турибди. Айниқса, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан кўп қиррали ташқи сиёсат, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни юқори босқичга кўтариш йўлидаги саъй-ҳаракатлар минтақа тараққиётига янги суръат бағишламоқда. ЎзА мухбири ушбу жараён, хусусан турк дунёсининг геосиёсий истиқболи, мамлакатимизнинг минтақадаги ўрни ва туркий давлатлар ҳамкорлиги келажаги ҳақида туркиялик тадқиқотчи ёзувчи ва стратегик таҳлилчи Гўнгўр Явузаслан билан суҳбатлашди.
– Суҳбатимизни журналистикага нисбатан ёндашувингиз, фаолиятингиз ва Марказий Осиёга қизиқишингиз сабабидан бошласак.
– Журналистлик фаолиятимни 2001 йил маҳаллий матбуотда мухбир сифатида бошлаганман. Бугун эса миллий ва халқаро телеканаллар ҳамда рақамли ахборот платформаларида фаолият юритиб келяпман.
Менимча, журналистнинг вазифаси ҳодисани ёритишдан ташқари балки воқеа ортидаги сиёсий, тарихий ва геосиёсий омилларни таҳлил қилишдир. Асосий тадқиқот йўналишлари Туркия ташқи сиёсати, терроризмга қарши кураш, Яқин Шарқ ҳамда Турк дунёси геосиёсати билан боғлиқ. Марказий Осиёга қизиқишим шунчаки эмас. Бугун жаҳоннинг сиёсий ва иқтисодий маркази Атлантикадан Осиё-Тинч океани минтақасига силжиб бораётган, глобал таъминот занжири қайта шаклланаётган бир шароитда туркий халқлар геосиёсий келажагини айнан шу ҳудуд билан боғлайман. Бу мен учун миллий масъулият ва стратегик қараш масаласидир.

– Сизнингча, Ўзбекистон кейинги йилларда амалга ошираётган кўп қиррали ташқи сиёсат ва яхши қўшничилик стратегияси Марказий Осиёда ўзига хос ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга қай даражада ҳисса қўшади?
– Кейинги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг фаол ва ташаббускор давлатлардан бирига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат ўз тараққиётининг очиқлик, ўзаро ишонч ва прагматик ҳамкорликка асосланган янги босқичига қадам қўйди. Бу нафақат дипломатик қарор, балки узоқ муддатли миллий манфаатга асосланган стратегик сиёсатдир.
Тарихий мероси, аҳолиси ва географик жойлашуви билан республика бугун Хитой, Россия, Ҳиндистон, Туркия ва Европа ўртасидаги муҳим кўприк вазифасини бажармоқда. Олиб борилаётган ташқи сиёсат минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда Марказий Осиёнинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.
– Турк дунёси геосиёсий марказида қандай ўзгаришлар сезиляпти? Анъанавий Туркия – Озарбайжон йўналишидан Самарқанд – Тошкент томон стратегик силжиш ҳақида гапириш мумкинми?
– Мен бу жараённи “ўқ алмашиши” эмас, балки тарихий кенгайиш, ўзаро тўлдириш сифатида баҳолаган бўлардим. Бугунги геосиёсий рақобат шароитида айрим ташқи кучлар ушбу интеграция жараёнини фақат Зангезур йўлаги билан чеклашга ҳаракат қилмоқда. Аслида, Зангезур йирик стратегик лойиҳанинг бир қисми, холос. Асосий мақсад – Туркий давлатларни ўзаро боғлайдиган кенг қамровли транспорт, савдо ва иқтисодий маконни шакллантириш. Шу нуқтаи назардан нафақат тарихий, балки иқтисодий ва геосиёсий аҳамиятга ҳам эга Турон йўлаги ғояси Евросиёдаги транспорт-логистика тизимининг муҳим бўғинига айланиши мумкин.
– Ўзбекистоннинг ТДТдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотининг муҳим иштирокчиларидан биридир. Бугун ушбу тузилма умумий тил ва маданият билан чекланиб қолмай, иқтисодиёт, транспорт, энергетика, рақамли технология ва логистика соҳаларида ҳам амалий ҳамкорлик кўламини кенгайтирмоқда. Ўзбекистоннинг фаол иштироки эса географик ва иқтисодий яхлитликни мустаҳкамлаб, транспорт йўлаги, энергетика тармоғи ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
– Айни жараёнда туркий давлатлар ягона медиа ва ахборот платформасини яратиш қандай самара беради, деб ўйлайсиз?
– Бу масала турк дунёси ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан жуда муҳим. Техник жиҳатдан мамлакатлардаги медиа инфратузилмаси, рақамли технология ҳамда тил ва алифбо масалалари ҳали тўлиқ уйғунлашмаган. Ҳуқуқий жиҳатдан ҳар бир давлат ўз миллий медиа тизимини муайян қонунчилик асосида бошқаради. Шунингдек, ташқи ахборот хуружи ҳам жиддий хавф туғдиради. Бу борада Туркия ва Озарбайжон томонидан қўшма медиа платформа доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этади. Айни ҳамкорликни ТДТнинг барча аъзолари иштирокида янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Дарҳақиқат, бугун Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон халқаро сиёсат ва иқтисодиётнинг муҳим маркази сифатида беқиёс аҳамиятга эга. Қолаверса, мамлакатингиз минтақа давлатларининг умумий манфаатига хизмат қиладиган ҳамжиҳатликни янада чуқурлаштиришга астойдил интиляпти.
Нодира Кайимова, ЎзА
Туркия