Юз йилдан кейинги Самарқанд мулоқоти
Самарқандда II Бутунжаҳон туркология қурултойи иш бошлади.
1926 йилда Боку шаҳрида ўтказилган биринчи туркология қурултойининг 100 йиллигига бағишланган нуфузли халқаро анжуманда Туркий давлатлар ташкилоти ва унинг ҳузуридаги тузилмалар раҳбарлари, туркий давлатларнинг етакчи турколог олимлари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар иштирок этмоқда.
Қурултойнинг очилиш маросимида Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари Нуру Гулиев, Туркий маданият ва мерос фонди раҳбари Актоти Раимқулова, Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (TURKPA) бош котиби ўринбосари Саулекул Сайлауқизи сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида ташкил этилган II Бутунжаҳон туркология қурултойи туркий дунёнинг тил, тарих ва маданий меросини биргаликда ўрганиш учун халқаро мулоқот майдонини яратишга қаратилганини таъкидладилар.

– Бундан юз йил олдин Боку шаҳрида ўтказилган биринчи туркология қурултойида турк дунёсининг кўзга кўринган илм намояндалари туркий халқларнинг тили, тарихи, маданий меросини асраб-авайлаш ва биргаликда ривожлантириш, ягона ёзувдан фойдаланиш каби муҳим масалаларни муҳокама қилган, – деди Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари Нуру Гулиев. – Аммо бу мулоқот сизу бизга яхши маълум бўлган сабаблар туфайли тўхтаб қолган. Ҳатто, илк қурултойда ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳам тўхтаб қолган. Юз йил олдин бошланган мулоқот бугун Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан тарихий Самарқандда давом этмоқда ва бу айни пайтда туркий дунёнинг янги, олтин даврининг муҳим воқеаси деб айтишимиз мумкин. Бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти қошида қардош мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган кўплаб тузилмалар фаолият кўрсатмоқда, доимий анжуман ва мулоқотлар ўтказиб турилади. Эндиликда Бутунжаҳон туркология қурултойи ҳам илмий жамоатчилигимизнинг анъанавий анжуманига айланади ва давом этади, деб ишонаман.
1926 йил 26 февраль – 6 март кунлари Боку шаҳрида ўтказилган биринчи туркология қурултойида Абдурауф Фитрат, Исмоил Ҳикмат, Ғози Олим Юнусов, Фуад Кўпрулу, Ашурали Зоҳирий, Али Нозим ва Бекир Чобонзода сингари таниқли олимлар иштирок этган. Улар ва бошқа иштирокчиларнинг 38 маърузасида туркий халқларнинг тили, ёзуви, тарихи, адабиёти ва маданиятини илмий асосда ўрганиш масалалари қайд этилган. Айниқса, лотин ёзувига асосланган алифбога ўтиш масаласи жиддий кўриб чиқилган.

– Биринчи қурултой ташкилий қўмитасининг якуний ҳужжатида навбатдаги қурултойни Самарқандда ўтказишга қарор қилинган, – деди Туркий маданият ва мерос фонди раҳбари Актоти Раимқулова. – Орадан 100 йил ўтиб бўлса-да, бу иш амалга ошгани барчамиз учун қувончлидир. Бу турк дунёсининг маънавий бирлиги, бугунга келиб қарор топган ҳамжиҳатлигининг ҳам яна бир ифодасидир. Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ва уларда давлат раҳбарлари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар асосида шу пайтгача бизнинг фондимиз томонидан 200 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди, 60 дан зиёд фундаментал нашр тайёрланди. Жумладан, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 100 жилдли туркий халқлар адабиёт тўплами чоп этилди. Бутунжаҳон туркология қурултойи ҳам бу борадаги ишларни янада кенгайтириш, туркий давлатлардаги университетлар ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Биз ҳам туркий дунё илмий жамоатчилигини бу борада қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Қурултойнинг ялпи мажлисида туркий давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболлари, туркий дунё харитасини амалга оширишнинг долзарб вазифалари, туркий цивилизациянинг жаҳон тамаддунидаги ўрни ҳақида сўз юритилди.
[gallery-32622]
Жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов туркий давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ўз фикрларини баён этди.

– Тилда, фикрда ва ишда бирлик ғояси бугун Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятининг асосини ташкил этмоқда, – деди Шуҳрат Сирожиддинов. – Тилдаги бирлик ўзаро мулоқотда муштарак тил ва ягона алифбодан фойдаланишни англатади. Хусусан, 2024 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида умумтуркий алифбо қабул қилинди. Бу борада ташкилотга аъзо мамлакатларда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу йил 21 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини умумтуркий алифбо билан уйғунлаштиришга қаратилган қадам ташланди.
Фикр ва амал бирлиги эса аъзо давлатларнинг халқаро ҳамда минтақавий масалалардаги ҳамфикрлиги, умумий ёндашув ва қарашларида намоён бўлади.
Бугун туркий давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик умумий тарих ва тил яқинлигини эътироф этишдан амалий қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш босқичига кўтарилди. Бу жараёнда ТУРКСОЙ ҳамда Туркий маданият ва мерос фондининг ўрни алоҳида. Ушбу тузилмалар фаолияти маданият кунлари ва фестиваллар ўтказиш билангина чекланмай, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, кино ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, умумий меросни асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш, анъанавий спорт турларини ривожлантириш, шунингдек, гуманитар ёрдам кўрсатиш каби йўналишларни ҳам қамраб олмоқда.

Ялпи мажлисдан сўнг қурултой беш сессияда ўз ишини давом эттирди. Уларда туркий халқлар тили, ёзуви, адабиёти ва фольклори, географияси, маданияти ва санъати, туркий халқларнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, замонавий геосиёсатига бағишланган ўттиздан ортиқ маърузалар тингланди.
Қурултой доирасида Ўзбекистоннинг илмий, маданий ва тарихий меросини намойиш этувчи кўргазмалар, тақдимот ва экскурсиялар ўтказиш кўзда тутилган.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари