Кумушконда Бўстонлиқ ва Зоминдан қолишмайдиган йирик туристик мажмуа барпо этилди
Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманида қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан инвестор ҳамда тадбиркорлар билан учрашув ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бир йил аввал Кумушконда Бўстонлиқ ва Зоминдаги туристик зоналардан қолишмайдиган йирик мажмуа барпо этиш вазифаси қўйилганини эслади. “Аввало, ўзимизникиларга имконият берайлик, улар нималарга қодирлигини кўрсатсин” деган ёндашув асосида маҳаллий лойиҳачилар ва қурувчилар 47 гектар майдонда “Олтин бел” мажмуасини бунёд этди.
Мажмуада тўртта меҳмонхона, иккита ресторан, 51 та шале, аквапарк, амфитеатр ва кўнгилочар иншоотлар ташкил қилинган. Бир вақтнинг ўзида 6 минг нафарга хизмат кўрсатиш ва 600 та иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.
Халқаро туризм академияси томонидан бу ерда ташкил этилган курсларда 300 нафар мутахассис тайёрланди. Қурилиш ва жиҳозлашда маҳсулотларнинг 95 фоизи маҳаллий корхоналардан олингани лойиҳа таннархини 20 фоизга арзонлаштирди.
Ушбу тажриба асосида Нанай, Хонобод, Чимёнсой, Музбулоқ, Ургут, Элликқалъа ва бошқа ҳудудларда ҳам туризм масканлари барпо этиш бўйича таклифлар билдирилди.
ЎзА