Халқ овози қонун сатрларида: миллий парламент фаолиятидаги очиқлик янги босқичда
Қонун жамиятнинг ёзма келишувидир. У қанчалик кўп фуқаронинг фикри, эҳтиёжи ва ташвишини ўзида акс эттирса, шунчалик ҳаётий ва адолатли бўлади, ижроси ҳам шунчалик пухта таъминланади. Шу маънода парламент очиқлиги халқ овозини қонун сатрларига етказадиган кўприк вазифасини ўтайди.
Бугун фуқаро смартфони орқали Қонунчилик палатаси мажлисини жонли кузатиши, қонун лойиҳасига таклиф юбориши, депутатнинг янги ҳужжат мазмунини содда тилда тушунтирган суҳбатини тинглаши мумкин. Бир неча йил аввал бундай манзарани тасаввур қилиш қийин эди.
Бу ўзгаришлар ўз-ўзидан юз бергани йўқ. Уларнинг замирида давлат раҳбарининг сиёсий иродаси, янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган кафолатлар ва миллий парламентимизнинг “Очиқ парламент” тамойилига изчил интилиши ётади.
Очиқлик сари илк қадамлар
Бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири 2017 йилда қўйилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракат вакиллари билан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Давлатимиз раҳбари марказий ва ҳудудий телеканаллар парламентдаги партия гуруҳлари ишини, жумладан, қонун лойиҳалари муҳокамаси, парламент назорати тадбирлари ва фракциялар ўртасидаги баҳс-мунозараларни “жонли” тарзда, керак бўлса, тўғридан-тўғри халқимизга етказиши лозимлигини таъкидлади. Ушбу учрашувни мамлакатимизда “Очиқ парламент” тамойилини амалиётга татбиқ этиш ва унинг институционал асосларини шакллантириш йўлидаги дастлабки қадамлардан бири сифатида баҳолаш мумкин.

Орадан ўн тўққиз кун ўтиб, 31 июлда қуйи палатанинг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган мажлиси “Ўзбекистон” телеканалида илк бор тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Шу тариқа фуқаролар миллий парламентдаги баҳсларга бевосита гувоҳ бўлди.
Кейинги қадам фуқарога Олий Мажлисга бевосита мурожаат қилиш имконини берди. 2018 йил апрелида “Менинг фикрим” жамоавий электрон мурожаатлар портали ишга туширилди, унинг фаолияти тартиби Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан белгиланди.
2023 йилда умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция бу жараёнга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди. Миллий парламентнинг ўрни сезиларли кучайтирилиб, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатники 14 тадан 18 тага етказилди.
2024 йил 18 ноябрда янги чақириқ Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида Президентимиз депутатларга “Сиз жойлардаги одамларнинг вакили, халқнинг овозисизлар”, дея мурожаат қилди. Давлатимиз раҳбари фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни кучайтириш мақсадида Қонунчилик палатасининг ҳар бир қўмитаси ҳузурида фуқаролик жамияти вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашини тузишни таклиф этди.
Шу мажлисда фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этиш ғояси ҳам илгари сурилди. Бу таклифлар фуқароларнинг қонун ижодкорлигидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
Ҳуқуқий кафолатлар
“Очиқ парламент” тамойили уч устунга таянади. Булар парламент ҳақидаги ахборотнинг очиқлиги, қарор қабул қилиш жараёнининг шаффофлиги ва фуқароларнинг бу жараёндаги фаол иштирокидир. Қонунчилик палатаси сўнгги йилларда ҳар уч йўналишда ҳам аниқ қадамлар қўйди.
Аввало, бу тамойил қонун билан кафолатланган. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 10-моддасига кўра, палата мажлислари очиқ ва ошкора ўтказилади, уларга матбуот, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф қилиниши мумкин. Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ қўмита мажлислари ҳам очиқ ўтказилади. Ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисидаги қарор фақат зарурат бўлганда қабул қилинади.
Журналистлар учун ҳам аниқ тартиб яратилган. Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2021 йил 5 апрелдаги 837-IV-сон қарори билан оммавий ахборот воситалари вакилларини палата ҳузурида аккредитация қилиш тартиби тасдиқланди. Аккредитациядан мақсад палатада ўтказиладиган тадбирлар ҳақидаги ахборотнинг тезкор, очиқ, кенг ва холис ёритилишини ташкил этишдир.
Парламент назорати ҳам жамоатчилик кўз ўнгида кечмоқда. “Ҳукумат соати” доирасида ҳукумат аъзолари депутатларнинг саволларига жавоб беради, парламент сўровлари орқали долзарб муаммолар юзасидан масъуллардан ҳисоб сўралади. Конституциянинг 118-моддасига кўра, Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг ҳисоботини эшитиб, унинг натижаларига кўра мазкур аъзонинг истеъфоси тўғрисида Президентга таклиф киритишга ҳақли.
Кеча ва бугун
Яқин ўтмиш билан қиёслаганда, миллий парламент очиқлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани кўринади. Буни парламент фаолиятининг деярли барча йўналишларида кузатиш мумкин.
Кеча Қонунчилик палатаси мажлисларини мунтазам кузатиш имконияти чекланган эди. Президентнинг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон фармонида 2021 йил 1 декабрдан Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашлар мажлисларини телеканаллар ҳамда интернет орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиш белгиланди. Бугун ялпи мажлислар Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти орқали жонли эфирга узатилмоқда ва ҳар бир фуқаро қонун лойиҳалари муҳокамасини онлайн кузатиш имкониятига эга.
Кеча фуқаролар ташаббусини электрон шаклда жамлаб, парламентга етказадиган механизм мавжуд эмас эди. Бугун “Менинг фикрим” порталида камида 10 минг овоз тўплаган жамоавий мурожаат Олий Мажлис палаталарига юборилади ва 60 кун ичида кўриб чиқилади.
Аввалги Конституцияда фуқароларнинг қонунчилик жараёнига бевосита таклиф киритиши назарда тутилмаган эди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 98-моддаси сайлов ҳуқуқига эга камида 100 минг нафар фуқарога Қонунчилик палатасига қонунчилик таклифини киритиш ҳуқуқини беради. Шу тариқа фуқаро қонун ижодкорлигининг кузатувчисидан унинг бевосита иштирокчисига айланмоқда.
Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш услуби ҳам ўзгармоқда. Илгари фуқаронинг лойиҳа тақдирига қўшган ҳиссасини аниқ кўрсатиб бериш қийин эди, бугун бу таъсир рақамларда кўринмоқда. Масалан, виждон эркинлиги ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси лойиҳаси 2025 йил 31 январдан 9 февралгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Аҳолидан 400 дан ортиқ изоҳ, таклиф ва тавсия келиб тушди, фуқаролар ва депутатлар таклифлари асосида концепциянинг 10 дан ортиқ бандига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзгариш техник имкониятлар билан бирга парламент маданиятида ҳам сезилмоқда. Очиқлик депутат масъулиятини оширмоқда, чунки унинг ҳар бир чиқиши ва позицияси сайловчи назарида. Очиқлик энди алоҳида тадбирлар билан чекланмай, мажлислар, қонун лойиҳалари муҳокамаси ва халқ билан кундалик мулоқотда намоён бўлмоқда.
Мулоқотнинг янги шакллари
Халқ билан мулоқот тили ҳам тубдан янгиланди. Илгари парламент ҳақидаги ахборот асосан расмий хабарлар шаклида берилган бўлса, бугун Қонунчилик палатаси ахборот майдонида фаол иштирок этмоқда. Расмий веб-сайт билан бир қаторда палатанинг YouTube, Telegram, X, Instagram ва Facebook тармоқларидаги саҳифалари мунтазам юритилмоқда, янгиликлар халққа содда ва тушунарли тилда етказилмоқда.
Ҳар бир платформанинг ўз вазифаси бор. Telegram канали палата қарорлари ва муҳокамалар ҳақидаги хабарларни тезкор етказиб, фуқароларни кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти билан таништириб бормоқда. Instagram саҳифасида депутатларнинг муҳокамалар давомида қонун лойиҳалари юзасидан берган саволлари ва билдирган муносабатлари ёритилади. Бошқа тармоқлардаги саҳифалар турли ёшдаги ва турли қизиқишдаги аудиторияни қамраб олишга хизмат қилмоқда.
Бу борадаги янгиликлардан бири Қонунчилик палатасининг YouTube саҳифасида йўлга қўйилган “Парламент FM” подкастидир. Унда депутатлар қонунчилик ташаббуслари ва қабул қилинаётган қонун лойиҳаларининг мазмунини оддий, равон тилда тушунтириб бермоқда. Эркин суҳбат шаклидаги бу формат фуқарога лойиҳа нима учун кераклиги, кимга ва қандай таъсир қилишини биринчи манбадан билиб олиш имконини беради.
Қўмиталар ва фракциялар фаолияти ҳам кенг ёритилмоқда. Қонун лойиҳалари ялпи мажлисдан олдин қўмиталар ва фракцияларда дастлабки муҳокамадан ўтади, фракциялар ўз позицияларини очиқ билдирмоқда. Масалан, 2025 йил 1 июлда фермерлар жавобгарлигини кучайтиришга оид лойиҳа муҳокамасида ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” уни ёқлаган бўлса, ХДП ва “Адолат” депутатлари кескин эътироз билдирди. Бундай баҳслар сиёсий партиялар фракциялари қонун лойиҳалари юзасидан ўз позициясига эга эканини ва сайловчилари манфаатларини ҳимоя қилишга интилаётганини кўрсатади.
Бугун қонун лойиҳалари юзасидан баҳслар ялпи мажлислар зали билан чекланиб қолмаяпти. Сиёсий партиялар ва депутатларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида фракция йиғилишларида билдирилган эътирозлар ва муносабатлар ҳам мунтазам эълон қилиб борилмоқда. Натижада фуқаролар лойиҳалар атрофидаги муҳокамаларни кузатиш билан бирга ўзлари сайлаган депутатлар халқ манфаатларини парламент минбарида қай даражада ҳимоя қилаётганини ҳам кўриб, баҳолай олмоқда.
Халқаро мезонлар
Парламент очиқлигининг халқаро мезони сифатида кўпинча Парламент очиқлиги декларацияси тилга олинади. У 2012 йил 15 сентябрда, Халқаро демократия кунида Римда бўлиб ўтган Жаҳон электрон парламент конференциясида тақдим этилган. Ҳужжатни парламент фаолиятини мониторинг қилувчи ташкилотлар ҳамжамияти ишлаб чиққан, у 44 та қоидадан иборат.
Декларация тўрт тамойилга таянади. Улар очиқлик маданиятини шакллантириш, парламент ахборотининг шаффофлигини таъминлаш, ахборотдан фойдаланишни осонлаштириш ва ахборотни электрон шаклда етказишдир. Очиқлик маданияти парламент фаолияти ҳақидаги ахборот жамият учун очиқ бўлиши ва фуқаролар ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини эътироф этишдан бошланади. Шаффофлик парламент ваколатлари, депутатлар фаолияти, мажлислар кун тартиби, овоз бериш натижалари ва бюджет маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка мунтазам етказиб боришни талаб қилади.
Ахборотдан фойдаланишни осонлаштириш учун оммавий ахборот воситалари вакилларига зарур шароит яратилади, мажлислар жонли эфирда намойиш этилади. Қабул қилинаётган қарор ва қонун лойиҳалари фуқароларга содда ва тушунарли тилда изоҳланади. Электрон алоқа тамойили парламент маълумотларини очиқ электрон форматларда жойлаштириш, расмий веб-сайт ва бошқа рақамли платформалардан фойдаланишни қулайлаштириш, фуқаролар билан онлайн мулоқот қилиш имкониятларини яратишни назарда тутади.
Декларациянинг мажлисларни реал вақтда узатиш (30-қоида), парламент ахборотини содда тилда изоҳлаш (32-қоида) ва қонун лойиҳаларини эълон қилиш (18-қоида) каби талаблари бугун миллий парламент амалиётида ўз аксини топмоқда.
2025 йил апрелида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси илк бор Марказий Осиёда, Тошкентда ўтказилди. Давлатимиз раҳбари анжуманда сўзлаган нутқида 140 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд иштирокчи қатнашаётганини қайд этди. Бундай нуфузли анжуманнинг Тошкентда ўтказилиши миллий парламентимиз халқаро майдонда ҳам очиқлик ва ҳамкорлик тамойилларига таянаётганини кўрсатади.
Босиб ўтилган йўл очиқлик миллий парламентимизни халққа тобора яқинлаштираётганини кўрсатади. Давлатимиз раҳбари депутатларга мурожаат қилиб таъкидлаганидек, улар халқнинг овозидир. Бу овоз қонун сатрларига тўла етиб бориши учун парламент эшиклари доимо очиқ, унинг тили ҳар бир фуқарога тушунарли бўлиши керак.
Очиқликнинг ҳар бир янги қадами фуқаронинг парламентга ишончини оширади. Қонунни тайёрлашда иштирок этган фуқаро унинг ижросига ҳам масъулият билан ёндашади.
Салимбой ҒАЙРАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти етакчи илмий ходими.
ЎзА