Юртни обод қилиш санъати
Бугун юртимиз қурувчиларининг касб байрами!
Болалигимизни эсласак, мен учувчи бўламан, шифокор, муаллим ёки машҳур спортчи бўламан дейдиган тенг-тўшларимиз қаторида “мен катта бўлсам қурувчи бўламан” деб орзу қилганлари ҳам жуда кўпчиликни ташкил қиларди.
Албатта, қурувчилик, бунёдкорлик, бу – бебаҳо касб.
Қурувчида ақл-заковат, идрок, ҳали хом – хаёлида бўлган лойиҳалар ечимини тўғри баҳолай олиш ва энг муҳими, ўзи қўл ураётган иш меваси бўлмиш гўзалликни олдиндан ҳис қилишдек ноёб туйғу жисму жонига уйғунлашган, ҳамоҳанг бўлади.
Қурувчилик – асрлар давомида шаклланиб, сайқалланиб келган, келаётган санъатнинг ўзи, бошқа нарса эмас. Ота-бобаларимиз бу касбга ана шундай юксак мақом ўлароқ қараб, эъзозлаб келган.
Тарихий асарларда душман қўлига тушиб қолган уста, меъморларни айнан касблари ўлимдан сақлаб қолгани ва уларга ўзига хос ҳурмат-иззат кўрсатилгани ҳақидаги лавҳаларга дуч келган пайтларимиз кўп бўлади.
Тарих гувоҳ – жангу жадал кетаётган жойларда ҳам уста қурувчилар эҳтиёт қилинган. Чунки уруш туфайли вайрон бўлган ўлкалар айнан шу соҳа эгалари – уста муҳандислар, қурувчилар, ганчкору ўймакорлар, меъморлар меҳнати ила қайтадан жонланишини қиличидан қон томиб турган ҳукмдорлар ҳам яхши билган ва ушбу касб эгаларини қадрлаб келган.
Табиийки, ҳар ким ҳам ўз-ўзидан қурувчи бўлиб кетавермайди. Бунинг учун, аввало, инсонда ободликка, янгиликка иштиёқ ва албатта катта мақсад мужассам бўлмоғи керак.
Йўқ жойда ниманидир қуриш, бунёд этиш – бир томондан шарафли, иккинчи томондан масъулиятли ва машаққатли иш.
Катта–катта шаҳарлардаги асрлардан асрларга ўтиб келаётган тарихий ёдгорликлар, миллий қадриятлар тимсоли бўлиб кўз-кўз қилинаётган “мўъжизалар” – қурувчи, уста муҳандислар меҳнати маҳсули эмасми?
Олис ўтмишдан бугунги кунимизга қайтайлик. Бугун нафақат пойтахт ёки вилоятлар марказлари, балки чекка-чекка туманлар, ҳатто қишлоқларда ҳам кўзни қувонтирувчи ўзгаришлар – турар жой мажмуалари, ижтимоий соҳа объектлари, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари қад ростламоқда. Кўз ўнгимизда Янги Ўзбекистон бунёд бўлмоқда. Буларни кўриб, шу юртнинг бир фарзанди сифатида кўнглингиз ғурурга тўлади, ҳайратингизни яширолмайсиз.
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, қурилиш соҳаси юртимиз иқтисодиётининг таянч тармоқларидан бирига айланиб улгурди. Эътибор қаратадиган бўлсак, ҳозирги кунда Ўзбекистон – Халқаро меҳнат стандартларини қабул қилаётган энг фаол давлатлар сафидан жой олаётганини дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2030 йилгача мўлжалланган дастур ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастур юртимиз меҳнат бозорида инсон қадрини оширишга, ҳамма учун хавфсиз ва адолатли меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон қурилиш майдонига айланган. Замонавий ва энергия тежамкор технологиялар, янги инновацион ечимлар ушбу соҳанинг тараққий этишига, мураккаб ва хилма-хил бўлишига, шунингдек, рақамлашган тизимнинг сезиларли даражада ошганлиги, меҳнат бозоридаги тенденцияларни олдиндан прогноз қилиш, вақт ва ресурсларни тежаш, қолаверса, темир, пўлат, шиша ва пластик каби материаллар биноларни янада баландроқ, кўркамроқ ва қулайроқ яратилишига хизмат қилмоқда.
Оддий бир хонадонда кичик бир иморат кўтаришнинг ҳам ўзига хос машаққати бор. Энди йирик-йирик иншотлар, янги-янги шаҳарларни бунёд этиш машаққати ва масъулиятини тасаввур қилаверинг.
Бир йил бурун Ўзбекистонга келган сайёх, ҳатто юртимизнинг бир минтақасидан бошқа бир шаҳрига келиб қолган киши йўлини йўқотиб қўйиши, ўзгаришларга ҳайрат билан боқиши оддий ҳолга айланди.
Ана шундай улуғвор янгиликлар замирида энг аввало юртимиздаги кўп мингсонли қурувчилар жамоасининг камтарона, аммо беқиёс хизматлари ётади.
Биз фахр билан тилга олаётган, меҳмонларга кўз-кўз қилаётган иншоотлар, истироҳат боғлари, парклар, кўприклар, одамлар яшайдиган манзиллар ўз-ўзидан бўнёд бўлиб қолаётгани йўқ.
Унинг ўз усталари, яратувчилари бор.
Бу мўъжизалар чин маънода қўллари гул бўлган қурувчи, уста меъмор-муҳандислар меҳнати маҳсули.
Энг кўп таҳсин, олқишни ким олади? Албатта, бундай бахтга муяссар касб эгалари ичида қурувчиларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Заргар хато қилса, битта тақинчоқ бузилар, лекин қурувчи хато қилса-чи?.. Бу ҳар бир қурувчи ўзига берадиган, ҳар иш кунида хаёлида, фикру ўйида бўладиган савол. Бу саволни ўзига беришдан тўхтаган куни қурувчи ёки уста соҳага бегона кишига айланиб қолади.
Менимча, қадрдон элимизнинг миннатдорлик туйғулари қурувчилар учун энг олий мукофотнинг ўзи. Ҳалол меҳнатнинг оғирчилигини “устачилик одоби” орқали енгиб топилган даромад қурувчига эркинлик ва ишонч бериш билан бирга, халқнинг узилмас дуоси ва ҳурматига ҳам сазовор этиб, қалбига хотиржамлик бағишлайди. Бу тиббиётдаги “Гиппоркат қасами” каби алоҳида бир норма бўлмаса-да, ўз виждони, халқи ва оиласи олдидаги маънавий ва ахлоқий мажбуриятлар силсиласидир. Халқаро миқёсда бу “The Builder’s Oath” деб аталса, бизда “Устачилик одоби” касбий ҳалолликка амал қилиш юксак ички маданият эгаси, ҳақиқий қурувчининг қиёфасини белгилайди.
Шу ўринда синовдан ўтган кўҳна ҳақиқатлардан бири онгимизда жаранг сочади: “Уста ризқининг баракаси, бино пойдеворига ҳалоллик уруғини экишдан бошланади”.
Кўп асрлар бурунги ва ҳозирги қурувчи, усталар ўртасида технология, вақт ҳамда ижтимоий тузилишнинг ривожланиши билан боғлиқ бўлган улкан эволюциядир. Гарчи мақсад бир, лекин уларнинг иш услуби, қуроллари ва билим манбаалари тубдан фарқ қилса-да, мақсад, ишга муносабат, аниқлик, ҳисоб-китобда ҳеч қанчон янглиш бўлмаган. Замонавий илм, қолаверса, бугунги кун соҳа олимлари ота-боболаримиз ақл-заковатига тан бериб келади. Бу анъана ҳозир ҳам янги авлод қурувчилари тимсолида яшаб келаётганини кўриб, яйрайсан киши.
Ҳа, юртимизда қурилиш соҳасига қаратилган устувор вазифалар, аввало, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш билан ҳамоҳангдир.
“Уй қурган – элга ёқар”. Бу ҳикмат замирида ҳалоллик, тинимсиз меҳнат, виждон амри ётади. Заҳматкаш бунёдкорларимизнинг олижаноб меҳнатларини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.
Бугун ўзбекистонликлар улкан тарихий жараёнлар ичида яшамоқда. Янгиликка интилиб яшаш халқимизга ва давлатимизга хос хусусият эканини дунё кўриб, эътироф этиб турибди. Ўзбекистонимиз, таъбир жоиз бўлса, жаннатдан бир чимдим андоза олган маъвога ўхшайди. Буни ён-атрофимиздаги ўзгаришлар, тобора кўркамлашиб бораётган азиз ватанимиз қиёфасида кўриб, ҳис қилиб, кўнглингда шукроналик ҳиссини туясан.
Бу “маъво”ни сиз бунёд қилаяпсиз, азиз қурувчилар!
Сиз азизлар яратаётган иншоотлар, бинолар, кўприклар, истироҳат боғлари, турар жой манзиллари умрбоқий бўлсин!
Мадина Зуфарова,
“RENESSANS” таълим университети талабаси,
ЎзА