Энергетика вазири янги авлод иссиқхонасида энергия тежамкор ечимлар билан танишди
Энергетика вазири Шерзод Хўжаев “Янгийўл - Агро Стар” МЧЖ томонидан бунёд этилган замонавий иссиқхона мажмуаси билан танишди.
Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган мазкур иссиқхона 4 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, Хитой технологиялари асосида қурилган. Мажмуанинг асосий ўзига хос жиҳати шундаки, иситиш жараёнида газ ёки кўмирдан фойдаланилмайди. Зарур ҳарорат махсус иссиқлик насослари асосида таъминланади ва ушбу ускуналар электр энергияси асосида ишлайди.
Иситиш тизими билан бир қаторда, иссиқхонада энергия самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа технологик ечимлар ҳам қўлланилган. Жумладан, махсус иссиқлик сақловчи қопламалар қиш мавсумида иссиқликни сақлашга хизмат қилса, ёзда очиб қўйилади. Бу эса иссиқхонада зарур ҳароратни барқарор сақлаш имконини беради.

Мажмуанинг электр таъминотида ҳам муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда бу ерда 100 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар натижасида йилига қарийб 252 минг кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Шундан тахминан 24 минг кВт·соат миқдоридаги ортиқча энергияни реализация қилиш имкони мавжуд.
Қўлланилаётган замонавий технологиялар иссиқхонада йил давомида уч марта ҳосил етиштириш имконини ҳам беради. Бу, ўз навбатида, мавжуд ер майдонидан янада самарали фойдаланиш ва йилнинг турли мавсумларида маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш учун шароит яратади.
Мажмуанинг барқарор фаолияти учун зарур инфратузилма ҳам шакллантирилган. Хусусан, лойиҳа доирасида 400 кВА қувватли трансформатор ўрнатилган, сув таъминотини йўлга қўйиш мақсадида эса 7 та сув чиқариш нуқтаси ташкил этилган.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур танишув Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси бўйича туманда “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганишга қаратилган. Айни пайтда ҳудудда электр ва газ таъминотини яхшилаш, энергия ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА