Косонда электр таъминотидаги муаммолар хонадонма-хонадон ўрганилмоқда
Қашқадарё вилоятининг Косон туманида аҳолини электр энергияси билан барқарор ва сифатли таъминлаш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ҳамда мавжуд муаммоларни жойида бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Эътиборлиси, бу жараёнда масалага одатдагидек юқоридан туриб эмас, балки ҳар бир маҳалла ва хонадонга кириб борган ҳолда ёндашилмоқда. Бунинг учун тумандаги барча 74 та маҳаллада 30 та ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган.

Янгийўл тумани тажрибаси асосида ташкил этилган мазкур тизимда электр таъминоти корхонаси мутахассислари билан бирга газ таъминоти ходимлари ва маҳалла фаоллари ҳам иштирок этмоқда. Шу тариқа ҳудуддаги 1073 та аҳоли хонадонларидаги электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар комплекс ўрганилмоқда.
Ўрганишлар давомида эскирган электр ҳисоблагичларини алмаштириш, трансформаторлар ва электр узатиш тармоқларини таъмирлаш, тармоқларни дарахт шохларидан тозалаш каби ишлар амалга оширилмоқда. Айрим ҳолатларда эса муаммонинг сабаби хонадоннинг ўзида эмас, балки тармоқнинг юқори қисмида экани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

Муҳими, аниқланган камчиликлар фақат қайд этиб қўйилмаяпти. Уларни бартараф этиш учун махсус таъмирлаш бригадалари шакллантирилиб, зарур ишлар имкони борича жойида бажарилмоқда.
Бундай ёндашув аҳолининг электр таъминоти бўйича мурожаатларини камайтириш, тармоқлардаги авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш имконини беради.

Ўрганишлар газ таъминоти тизимини ҳам қамраб олган. Газ ҳисоблагичларининг ишлаши, тармоқларнинг техник ҳолати ва хонадонлардаги жиҳозлардан фойдаланиш талаблари ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда. Бу жараёнда қоидабузарликларнинг олдини олиш билан бирга, аҳолига хавфсиз ва барқарор газ таъминотини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Косон туманидаги мазкур тажрибанинг яна бир муҳим жиҳати, аҳоли билан бевосита мулоқот йўлга қўйилганидир. Хонадонларга кириб бориш орқали кўпинча оддий мурожаат ортида турган, аммо тизимли ёндашувни талаб қиладиган муаммолар ҳам аниқланмоқда.
Айни пайтда ўрганиш ва таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Асосий мақсад эса аниқ — ҳар бир маҳаллада электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш, истеъмолчининг муаммосини эшитиш ва унинг ечимини кутиб ўтирмасдан, жойида ҳал этиш.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири