Юқори хавфли пестицидлар ўрнига муқобил ечимлар ўрганилмоқда
Озиқ-овқат хавфсизлиги, истеъмолчи саломатлиги ва юртимизнинг экспорт салоҳияти пестицидлардан қанчалик хавфсиз фойдаланишга боғлиқ. Халқаро ҳамкорликда бу борада янги ёндашувлар ва муқобил ечимлар жорий этилмоқда.
Пестицидлардан хавфсиз фойдаланиш озиқ-овқат хавфсизлигининг асосий шартларидан биридир. Маҳсулотларда кимёвий воситалар қолдиғининг меъёрдан ошмаслиги истеъмолчи саломатлигини ҳимоя қилиш, сифатни таъминлаш ва экспорт талабларига жавоб беришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ушбу долзарб масалалар Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ҳамда ФАО ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув семинарида муҳокама қилинди.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) эксперти Надиа Корреалнинг сўзларига кўра, ўқув машғулоти пестицидларни бошқаришда гендер жиҳатларини ҳисобга олишга бағишланган.
–Тренинг давомида иштирокчилар маҳаллий ҳамжамиятлар билан мулоқот ўрнатиш, пестицидларнинг зарарли таъсири ҳақида хабардорликни ошириш, шунингдек, улардан фойдаланишнинг хавфсиз ва муқобил усулларини тарғиб қилишга қаратилган янги интерфаол ёндашувлар ва салоҳиятни ошириш воситалари билан танишади, – деди у.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ФАО ва Европа Иттифоқининг мазкур лойиҳаси доирасида мамлакатимизда юқори хавфли пестицидлар баҳоланди. Натижада 46 турдаги юқори хавфли кимёвий воситаларнинг 186 та маҳсулотда қўлланилиши аниқланиб, уларга муқобил ечимлар ишлаб чиқилди.
–Мазкур семинар якуни бўйича инспекторимиз томонидан ўрганилган билим ва тажрибалар ҳудудларга бориб, бўлинмалар, тумандаги хусусий сектор вакилларига етказилади, – дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси етакчи мутахассиси Сардор Донишев.
Лойиҳа доирасида фермерларнинг амалий билимларини оширишга қаратилган дала мактаблари ҳам йўлга қўйилган. Бу мактабларнинг афзаллиги шундаки, уларда илмий ёндашув асосида пестицидларнинг экинлар ва зарарли организмларга таъсири кузатилади, зараркунандалар эрта аниқланади ва биологик ҳимоя усуллари бевосита дала шароитида синаб кўрилади.
Санжар Тошпўлатов,
Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА