Тадбиркорларимиз Хитойнинг илғор агросаноат мажмуалари фаолияти билан танишмоқда
Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик тармоғини жаҳон стандартлари асосида модернизация қилиш, соҳага инновацион технологияларни жалб этиш устувор вазифалардан бирига айланган. Ана шу мақсадда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошчилигидаги 180 нафар тадбиркордан иборат йирик делегация Хитой Халқ Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Пекин, Хух-Хото ва Иньчуань каби агросаноат ривожланган ҳудудларни қамраб олган ушбу сафар доирасида ўзбекистонлик ишбилармонлар илғор сутчилик фермалари, наслчилик хўжаликлари ва омихта ем заводлари фаолиятини бевосита ўрганиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда.
Роботлаштирилган фермалар, рақамли бошқарув, замонавий наслчилик ва автоматлаштирилган озиқлантириш тизимлари ўзбекистонлик чорвадорлар учун янги имкониятлар очиши мумкин.

Сафар давомида Хитойнинг илғор технологик ечимларини Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятлари ўрганилиб, чорвачилик хўжаликлари самарадорлигини ошириш ҳамда хорижий компаниялар билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.

Бу каби тажриба алмашинувлари мамлакатимизда чорвачиликни модернизация қилиш, наслчилик салоҳиятини мустаҳкамлаш ва маҳсулот таннархини пасайтириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Гулноза Бобоева,
ЎзА