"UzAgroExpo": Балиқчиликда самарадорлик ва янги ечимлар намойиши
Пойтахтимизда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қадоқлаш саноатининг келажагини белгиловчи халқаро кўргазмалар бошланди. Унда маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар балиқчиликдаги сўнгги инновацияларни намойиш этмоқда.
“Ўзэкспомарказ” мажмуасида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қадоқлаш саноатига бағишланган “UzAgroExpo–2026”, “UzProdExpo–2026” ва “InterPackExpo–2026” халқаро кўргазмалари иш бошлади. Тадбирда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бирга Беларусь, Германия, Корея Республикаси ва Хитой компаниялари ҳам ўз маҳсулотлари ва технологияларини тақдим этмоқда.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Балиқчиликда фақат етиштириш эмас, қайта ишлаш ҳам муҳим. Экспозициялардаги маҳаллий корхоналар таклифлари соҳада шаклланаётган ишлаб чиқариш занжирининг турли бўғинларини акс эттиради. Хусусан, Тошкент вилоятидаги “Daryo Fish” корхонаси балиқ, “Golden Fish Group” масъулияти чекланган жамияти ҳам 20 га яқин турдаги қайта ишланган балиқ маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Кўргазмада балиқ етиштириш самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатадиган озуқа маҳсулотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Навоий вилоятидаги “Baolong Guoji” масъулияти чекланган жамияти зоғора балиқлари учун мўлжалланган гранулаланган емларни тақдим этмоқда. Тошкент вилоятининг “Алготек” корхонаси эса хлорелла маҳсулотини намойиш этмоқда. Мазкур йўналишлар балиқчиликда озуқа базасини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш жараёнида қўлланиладиган маҳсулотлар турини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Экспозициянинг яна бир қизиқарли қисми балиқчиликда қўлланиладиган техник ускуналарга бағишланган. Тадбирда Тошкент вилоятидаги “Кавсар” масъулияти чекланган жамияти балиқчилик сув ҳавзалари учун қуёш панели билан жиҳозланган аэратор мосламаларини тақдим этмоқда. Бундай қурилмалар сувда кислород миқдорини таъминлашга хизмат қилади. Қуёш энергиясидан фойдаланиш эса энергия манбаларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Айниқса, электр таъминоти чекланган ҳудудларда бундай ечимларга қизиқиш ортиши мумкин.
Халқаро кўргазманинг аҳамияти фақат маҳсулотларни намойиш этиш билан чекланмайди. Бу ерда тадбиркорлар ишлаб чиқарувчилар билан бевосита мулоқот қилиш, янги ускуналар имкониятларини ўрганиш, маҳсулотларнинг хусусиятлари ва етказиб бериш шартлари билан танишиш имкониятига эга. Балиқчилик соҳасида ҳам бундай мулоқотлар янги технологик ечимларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қайта ишлаш имкониятларини кенгайтириш учун муҳим.

Тошкентдаги халқаро кўргазма жорий йил 19 ноябрга қадар давом этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА