Юнон-рум кураши: энг кучли полвонлар сараланди
Тошкент шаҳридаги "Олимпия шаҳарчаси"да спорт курашлари бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг юнон-рум кураши йўналишидаги беллашувлар якунланиб, сўнгги кун баҳсларида яна бешта вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Жумлдан, мусобақанинг 60 килограммгача вазн тоифасида Исломжон Баҳромов финал баҳсида Жонпўлат Тўлқинбоевни таслим этган ҳолда мамлакат чемпионига айланди. Уларга ярим финалда мағлуб бўлган Ҳожиакбар Қўчқоров ва Лазизхон Ўзбеков эса учинчи ўринни эгаллади.
Вазни 67 килограммгача бўлган полвонлар орасида Оғабек Муқимов олтин медалга сазовор бўлди. Достонбек Орипов кумуш, Ҳусниддин Олимбоев ва Сардор Йўлдошев бронза медалларини қўлга киритди. -77 килограммда Беҳрузбек Валиев шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Аброр Атабоев иккинчи, Арам Варданян ва Шаҳзод Қўчқоров учинчи ўринни банд этди.
Шунингдек, -87 килограмм вазнда Жалғасбай Бердимуратов ва Раҳимжон Узоқов олтин медаль учун ўтган финал беллашувида рақобатлашди. Баҳсда катта тажрибага эга бўлган Жалғасбай ғалаба қозониб, олтин медаль соҳибига айланди. Раҳимжон эса кумуш медаль билан тақдирланди. Мазкур вазндаги бронза медаллари Алимардон Зубайдуллаев ва Фаррух Комиловга насиб этди.

Оғир вазн тоифасида (130 кг) Темурбек Насимов (Самарқанд) чемпион дея эътироф этилган бўлса, Дамир Раҳматов иккинчи, Исломжон Раҳматов ва Жавоҳир Шодиёров учинчи ўринни эгаллади.
Шу тариқа, юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари якунланди. Мусобақа мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган маҳоратли полвонлар учун ўз имкониятларини намоён этиш ва кучлилар сафидан жой олиш имкониятини берди.
Айни дамда мамлакат чемпионати доирасида аёллар кураши бўйича баҳслар ўтказилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА