Шахматчиларимиз Абу-Дабида Мўғулистон билан куч синашади
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида шахмат бўйича ўтаётган Осиё кубогининг 2-турида Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфархон Имомқўзиевадан ташкил топган мамлакатимиз шахматчи қизлари жамоаси Қозоғистон жамоасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди
Илк турда Покистон жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этган шахматчи қизларимиздан Афруза Ҳамдамова ва Умида Омонова рақибларига ютқазиб қўйди. Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Нилуфархон Имомқўзиева дурангга эришди.
Кубок мусобақаларининг эркаклар баҳсида Ҳумоюн Бекмуратов, Абдумажид Ботиралиев, Баҳром Баҳриллаев, Шералижон Равшановдан иборат Ўзбекистон эркаклар жамоаси 2-турда мусобақанинг энг кучли жамоаси Ҳиндистонга 1,5:2,5 ҳисобида мағлуб бўлди.
Бугун, 12 ноябрь куни Осиё кубогининг 3-тур баҳсларида Ўзбекистон эркаклар жамоаси Мўғулистон жамоаси билан куч синашса, шахматчи қизлар учун дам олиш куни сифатида белгиланган.

Учинчи тур ўйинлари остонасида эркаклар гуруҳида Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой жамоалари 4 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси 2 очко билан 22 та давлат орасида 8-ўринни банд этиб турибди.
Аёллар мусобақасида Россия ва Қозоғистон 4 очко билан 12 та жамоа орасида карвонбошиликка эришган вазиятда, шахматчи қизларимиз 2 очко билан 6-ўринда ҳаракатланмоқда.
9 та турдан иборат қитъа кубоги 17 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА