Юлия Голубева: Медиа лойиҳалар Ўзбекистон ва Россия халқини янада яқинлаштиради
Ўзбекистон ва Россия медиа ҳамкорлигига бағишланган форумда “Газпром-Медиа холдинг” Бош директори ўринбосари Юлия Голубева икки мамлакат ўртасидаги ахборот алмашинуви, қўшма медиа лойиҳалар ва кино соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи ҳақида сўз юритди.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда рақамли платформалар оммалашиб бораётганига қарамай, телевидение ҳамон медиа истеъмолининг муҳим қисми бўлиб қолмоқда. Тадқиқот натижасига кўра, сўровда қатнашганларнинг 67 фоизи телевизион контент томоша қилади, 44 фоизи эса телевидениени энг ишончли ахборот манбаи деб ҳисоблайди.
Голубева “Газпром-Медиа” лойиҳалари Ўзбекистонни Россия аудиториясига танитишга хизмат қилаётганини қайд этди. Жумладан, Самарқандда суратга олинган “Омон қолиш” лойиҳаси, Ўзбекистон таомлари ва меъморий меросига бағишланган кўрсатувлар, шунингдек воқеалари Хивада суратга олинган “Мис қуёш” сериали шулар жумласидан. Зеро, мамлакатимиз россияликлар учун янги йил саёҳати бўйича энг оммабоп хорижий йўналишлардан бирига айланган.

Шунингдек, эксперт Ўзбекистон контентини “Rutube” платформасида жойлаштириш орқали тарғиб қилиш, миллий телеканаллар, маҳаллий фильм ва сериалларни платформага олиб чиқиш бўйича ҳамкорликка тайёрлик билдирилди.
Айни йўналишдаги ҳамкорлик “Riza Nova” мусиқий рамзи билан бошланган. Энди санъаткорлар каналини яратиб, платформадаги иштирокни янада кенгайтириш режалаштирилган.

Кино соҳасида ҳам ўзаро қизиқиш ортаётгани таъкидланди. Россия фильмлари юртимиз бўйлаб намойиш этилаётгани, “Тенгиз” ўзбек картинаси РФ кинотеатрларига чиққанини қайд этган Голубева келгусида икки томон актёрлари ва суратга олиш гуруҳлари томонидан фильм яратишни истиқболли йўналиш сифатида баҳолади.
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА