Қобулжон Аҳмедов: Медиа ҳамкорлик халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаши керак
Тошкентда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон – Россия медиа форумида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази директори Қобулжон Аҳмедов мамлакатлар ўртасидаги муносабатни ривожлантиришда медиа ҳамкорлик муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Унинг фикрича, халқлар бир-бирини тушуниши нафақат иқтисодий келишув, балки умумий тарих, маданият ва кундалик ҳаётга қизиқиш орқали ҳам мустаҳкамланади.
Маърузада икки мамлакат медиа тузилмалари ўртасида тайёр контент алмашинувини тизимли йўлга қўйиш, телеканал ва рақамли платформаларда қўшма дастурлар намойиш этиш, бирга ҳужжатли фильмлар ва бошқа лойиҳалар ишлаб чиқишни таклиф қилди. Шунингдек журналист, режиссёр, оператор каби мутахассислар учун стажировка, маҳорат дарси ва ўқув дастурлари ташкил этиш, сунъий интеллект ва янги технологиялар бўйича тажриба алмашиш зарурлигини қайд этди.

Марказ директори россиялик ҳамкасбларни Тошкентда “Ўзэкспомарказ” мажмуасида ўтказиладиган “Тошкент медиа маркети”га чорлади. Ушбу майдон профессионал мулоқот олиб бориш, янги ҳамкорлар топиш, технология алмашиш ва янги қўшма лойиҳалар бошлаш учун имкон яратиши таъкидланди.
Қобулжон Аҳмедов фикрича, шерикликнинг асосий натижаси томошабинда бошқа мамлакатга нисбатан қизиқишни кучайтириб, ўша эл тарихи, маданияти ва бугунги ҳаёти билан яқиндан танишишга ундаши лозим.
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА