Хайрли ташаббус
Ёзёвон туманида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда улар учун муносиб яшаш шароитларини яратиш борасида эзгу ишлар изчил амалга оширилмоқда
Туман ҳокимлиги, прокуратураси ҳамда ҳарбий прокуратура раҳбарлигида олиб борилган хайрли ташаббуслар доирасида “Юқори сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Тараққиёт” кўчасида истиқомат қилувчи, собиқ ҳарбий хизматчи, кўзи ожиз Юсуфжон Назаров оиласи учун ҳашар йўли билан замонавий турар жой бунёд этилди.

Ушбу хайрли ишни амалга ошириш учун 250 миллион сўмдан ортиқ ҳомийлик маблағлари йўналтирилди. Ушбу уй-жой барча замонавий қулайликларга эга бўлган ҳолда қурилди. Қурилиш жараёнларида оиланинг муносиб ҳаёт кечириши, қулай шароитларига эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда замонавий талаблар асосида барпо этилган мазкур уй тўлиқ битказилди. Уни фойдаланишга топшириш маросимида Фарғона ҳарбий прокуратураси, туман ҳокимлиги масъуллари, сектор раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар хонадон эгаларини муборакбод этишиб, уйни бунёд этишда қатнашганларга ўз миннатдорликларини билдиришди.
Туроб Ниёзов, ЎзА