“Юксалиш”нинг эзгу ташаббуси
“Юксалиш” ҳаракати ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ҳаёт улаш” лойиҳаси доирасида Пайариқ туманида 2000 нафардан ортиқ аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланди.
– Жойлардаги ўрганишларимиз ва мурожаатлар шуни кўрсатдики, Пайариқнинг Фаровон, Алишер Навоий номли ва Тоҳиршайх маҳаллаларида яшовчи аҳоли ичимлик суви таъминотидан қийналиб келаркан, – дейди “Юксалиш” ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси раҳбари Элёр Ҳамроев. – Шу сабабли “Ҳаёт улаш” лойиҳаси бўйича мазкур ҳудудда ичимлик суви муаммосини ҳал этишга киришдик. Бу борада бизга “Xurshida Enter Delux” корхонаси асосчилари яқиндан ёрдам берди ва уларнинг кўмагида 9,5 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилиб, 480 та хонадонда яшовчи 2000 нафардан ортиқ юртдошимиз марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Сув иншоотини фойдаланишга топшириш маросимида “Юксалиш” ҳаракати раҳбарияти, вилоят ва туман ҳокимлиги вакиллари, фаоллар иштирок этди ҳамда маҳаллалар аҳлини Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклади. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган бу каби лойиҳалар, эзгу ташаббуслар давом этиши таъкидланди.
– “Ҳаёт улаш” хайрия лойиҳасининг мақсади ичимлик суви муаммоси бўлган чекка ҳудудлардаги аҳолининг бу масаласини ҳал қилиш ва ҳаёт сифатини яхшилашдан иборат, – деди “Юксалиш” ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов. – Мазкур ташаббус давлат, бизнес ва фуқаролик жамияти ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг яққол намунаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади ва бундан буён ҳам давом этади.

Шу пайтгача “Юксалиш”нинг “Ҳаёт улаш” лойиҳаси асосида вилоятнинг Ургут туманидаги Қоратепа ва Ипак йўли маҳаллаларида иккита сув иншооти қурилиб, 5000 дан ортиқ аҳолининг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоси ҳал этилганди. Жорий йил якунига қадар Нуробод тумани Сарикул маҳалласида, Оқдарё тумани Пичоқчи маҳалласида биттадан сув артезиани ва сув минораси қуриш режалаштирилган. Шунингдек, Ургут тумани Украч маҳалласида 1979 йилда қурилган ва 20 йилдан буён ишламай келаётган сув минорасини таъмирлаш ва 3 километр масофада тармоқ тортиш ишлари давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири