Турган жой бўйича рўйхатдан ўтишдаги айрим чекловлар бекор қилинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, мазкур соҳада мавжуд ортиқча маъмурий чекловларни бартараф этиш ҳамда аҳоли учун давлат хизматларидан фойдаланишни янада енгиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Таъкидланганидек, бугунги кунда фуқаролар яшаб турган жойида рўйхатдан ўтишда ортиқча маъмурий тўсиқларга дуч келмоқда. Шундан келиб чиқиб, лойиҳага кўра, турган жой бўйича рўйхатдан ўтишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси билан боғлиқ чекловлар бекор қилинади.
Талабалар турар жойларида истиқомат қилувчи талабаларни рўйхатдан ўтказиш учун қулай ҳуқуқий механизм яратилади. Тақиқ ёки хатлов қўйилган турар жойларда рўйхатдан ўтказишнинг ҳуқуқий асослари аниқ белгиланади.
Энг муҳими, мазкур қонун билан аҳоли учун қўшимча чекловлар эмас, аксинча, амалда мавжуд бўлган ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилади. Мазкур ўзгаришлар ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этиб, давлат хизматларини аҳоли учун янада содда, қулай ва шаффоф қилишга кўмаклашади.
Лойиҳанинг қабул қилиниши фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасида давлат хизматларини янада енгиллаштириш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ягоналигини таъминлашга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ишончли таъминлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА