Оилани бузилаётганда эмас, қурилаётгандан бошлаб асраш керак
Оила қуришга тайёргарлик кўраётган икки ёшга одатда «Бахтли бўлинглар», деймиз. Тўй тараддуди, янги хонадон, янги ҳаёт ҳақида гапирамиз. Аммо бир саволни кўпинча кейинга қолдирамиз: улар оила қуришга чиндан ҳам тайёрми? Бир-бирининг характери, дунёқараши ва ҳаётга муносабатини қанчалик билади? Қийинчиликлар келганда ёнма-ён туриб, муаммоларни биргаликда ҳал қила оладими?
Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармасида жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳам айнан шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш ва профилактик ишларни никоҳдан олдин бошлаш зарурлигини таъкидлади.
Айниқса, маҳаллаларда ҳаётий тажрибага эга, эл-юрт ҳурматини қозонган оқила аёллар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларни ёш оилалар билан ишлаш жараёнига кенг жалб этиш муҳимлиги қайд этилди. Зеро, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрган, оила ва фарзанд тарбияси борасида катта тажриба тўплаган аёлларнинг самимий маслаҳати баъзан бир оиланинг тақдирини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, маҳаллаларда оқила аёлларни «Анзират бувилар» сифатида фаолиятга жалб этиш, улар орқали ёш оилалар, муаммоли ҳамда ажрим ёқасига келиб қолган хонадонлар билан яқиндан ишлаш, оилавий низолар сабабларини эрта аниқлаш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш таклиф этилди.
Бу ташаббуснинг моҳияти фақат муаммога дуч келган оилаларни яраштиришдан иборат эмас. Аксинча, оилада низо пайдо бўлишидан олдин унинг сабабларини кўра билиш, ёшларга оилавий ҳаёт масъулиятини англатиш, эр-хотин ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулиятини ошириш каби масалаларга эътибор қаратишдан иборат.
Чунки оилавий муносабатларда муаммо пайдо бўлгач, унинг оқибатини бартараф этишдан кўра, сабабини олдиндан аниқлаш осонроқ. Айниқса, оила қуриш арафасида турган ёшлар билан ишлашда бундай ёндашувнинг аҳамияти катта.
Жорий йилнинг ҳисобот даври якунлари ҳам масаланинг нақадар долзарб эканини кўрсатмоқда. Туман ва шаҳарлар кесимида ажримлар сони энг юқори кўрсаткич Гулистон шаҳрида қайд этилган — 269 та. Бу 2025 йилдаги 219 тага нисбатан 50 тага кўп.
Сирдарё туманида 131 та ажрим қайд этилган бўлиб, ўтган йилги 113 тага нисбатан 18 тага ўсиш кузатилган. Шунингдек, Боёвут туманида — 91 та, Янгиер шаҳрида — 68 та, Ховос туманида — 63 та, Сардоба туманида — 57 та, Оқолтин туманида — 55 та, Сайхунобод туманида — 49 та, Гулистон туманида — 44 та, Мирзаобод туманида — 27 та, Ширин шаҳрида — 21 та ажрим қайд этилган.
Айрим ҳудудларда эса ижобий ўзгариш кузатилган. Хусусан, Мирзаобод туманида ажримлар сони 39 тадан 27 тага, Гулистон туманида 45 тадан 44 тага камайган. Боёвут туманида эса 91 та ажрим қайд этилиб, кўрсаткич ўтган йилги даражада сақланган.
Бироқ рақамларнинг ҳар бири ортида инсон тақдири бор. Бир хонадоннинг бузилиши — фақат эр ва хотиннинг алоҳида яшаши эмас. Бу, аввало, фарзандлар тақдири, ота-оналар изтироби, йиллар давомида шаклланган муносабатларнинг узилиши демакдир. Шу боис ажрим статистикасига фақат сон сифатида эмас, балки жамиятнинг маънавий ва ижтимоий барқарорлиги билан боғлиқ муҳим масала сифатида ёндашиш зарур. Айниқса, 30 ёшгача бўлган оилаларда ажримлар сонининг ортиб бораётгани жиддий эътиборни талаб қилади. Ҳисобот даврида ушбу тоифадаги оилаларда 56 та ажрим қайд этилган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 36 тани ташкил этган.
Бу ҳолат ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг никоҳ масъулиятини англаши, бир-бирини тушуниши ва ҳаётдаги турли синовларга тайёр бўлиши масаласига янада жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатмоқда.
[gallery-30807]
Зеро, тўйга тайёргарлик билан оилага тайёргарлик бир хил тушунча эмас. Тўй бир кунлик, оила эса бир умрлик масъулиятдир.
Ажримларнинг сабаблари ҳам буни тасдиқламоқда. Оила қуришга тайёр эмаслик, хиёнат, моддий ва молиявий қийинчиликлар, учинчи шахсларнинг оилавий муносабатларга аралашуви, тазйиқ ва зўравонлик, спиртли ичимликлар ҳамда гиёҳванд моддалар истеъмоли, фарзандсизлик, меҳнат миграцияси туфайли узоқ вақт бирга яшамаслик каби омиллар оилаларда низоларнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.
Демак, ажримларнинг олдини олиш ишларини никоҳдан кейин бошлаш кеч. Профилактика никоҳдан олдин бошланиши керак.
Шу маънода, «Анзират бувилар» ташаббуси нафақат оилавий низоларга аралашиш, балки маҳаллада оилавий муносабатларнинг маънавий таянчини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин. Ҳаёт тажрибасига эга оқила аёллар ёш келин-куёвлар билан самимий суҳбатлашиб, уларга оилавий ҳаётнинг нозик жиҳатларини тушунтириши, келишмовчиликларни муроса ва сабр билан ҳал этиш йўлларини кўрсатиши мумкин.
Айни пайтда совчилик маданиятига ҳам масъулият билан ёндашиш муҳим. Шу мақсадда маҳаллаларда совчилар гуруҳларини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Бунда маҳаллага келаётган совчининг шахси, оиласи, обрў-эътибори, мақсади ва оилавий муҳити ҳақида маълумотларни ўрганиш, бўлажак келин ёки куёвнинг тарбияси, масъулияти ва ҳаётга муносабатига эътибор қаратиш назарда тутилмоқда.
Шартли қилиб айтганда, совчилар ҳам «саралов»дан ўтиши керак. Бу кимнидир чеклаш ёки шахсий ҳаётга аралашиш эмас, балки оила қуришдек масъулиятли қарор қабул қилинаётганда икки томоннинг ҳам бир-бири ҳақида етарлича маълумотга эга бўлишини таъминлашдир.
Маҳаллаларда ажрим ҳолатларини «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифалар асосида таҳлил қилиш эса оилалар билан манзилли ишлаш имконини янада кенгайтиради. Барқарор оилаларда профилактик ишларни давом эттириш, келишмовчиликлар пайдо бўлган хонадонларда муаммонинг сабабларини ўз вақтида ўрганиш, ажрим хавфи юқори бўлган оилалар билан эса индивидуал ва комплекс ишлаш орқали кўплаб низоларнинг олдини олиш мумкин.
Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармасининг олти ойлик фаолияти сарҳисоби шуни кўрсатмоқдаки, оқила ва фаол аёлларни бугунги муҳим жараёнларга кенг жалб этиш, уларнинг ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ажримларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Келгусида ҳам бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади. Оқила аёллар билан ҳамкорликни кучайтириш, оилалар билан манзилли ишлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ва ҳар бир хонадонда тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлаш устувор вазифалардан бўлиб қолади.
Зеро, оилани асраш — фақат ажримни тўхтатиш эмас. Бу икки инсонга бир-бирини тушунишга ёрдам бериш, фарзандни нотинч муҳитдан асраш, ёшларни ҳаётга тайёрлаш, оилавий қадриятларни авлоддан-авлодга етказиш ва жамиятнинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлаш демакдир.
Шунинг учун бугун оила ҳақида гап кетганда «Қандай қилиб ажримнинг олдини оламиз?» деган савол билан бирга яна бир муҳим саволни қўйиш керак: «Қандай қилиб ёшларни мустаҳкам оила қуришга тайёрлаймиз?» Чунки оила ажрим ёқасига келганда эмас, қурилаётганда асралади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА