“Юксалиш”дан ижтимоий лойиҳа
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги Сарикул маҳалласида янги сув иншооти фойдаланишга топширилди ва 1000 нафарга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг “Ҳаёт улаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ушбу эзгу ташаббус тадбиркор ёрдамида ҳаётга татбиқ этилди. Маҳаллада 270 метр чуқурликда қудуқ қазилиб, янги сув минораси ўрнатилди ва аҳоли хонадонларига 1,5 километр сув тармоғи тортилди.
Янги иншоотни фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этган ташкилотчилар ва маҳалла фаоллари мазкур ижтимоий лойиҳа ҳудуддаги аҳолини йиллар давомида қийнаб келган муаммога ечим бўлганини таъкидладилар.
– Халқимизда “Сув келтирган – азиз” деган гап бор, – дейди тадбиркор Достон Асланов. – Биз ҳам ана шу ҳикмат моҳиятини англаган ҳолда “Юксалиш” ҳаракатининг “Ҳаёт улаш” лойиҳасида иштирок этишга қарор қилдик. Бу эзгу иш туфайли Сарикулдаги 120 дан ортиқ хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди. Маҳалла аҳлининг хурсандлиги ва миннатдорлигидан руҳланиб, бундан буён ҳам бу каби лойиҳаларда фаол қатнашишга аҳд қилдик.

Маълумотларга кўра, шу пайтгача “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ушбу лойиҳаси асосида республикамиздаги 20 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Жумладан, жорий йилда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги маҳаллаларнинг бирида лойиҳа асосида янги сув иншооти фойдаланишга топширилган эди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири