Масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ёш авлодга замонавий билим бериш, уларнинг интеллектуал ва касбий салоҳиятини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан таълимнинг барча босқичларида яратилаётган янги имкониятлар, жорий этилаётган замонавий ёндашувлар эса бу борадаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Айниқса, мактаб ёшидаги болаларда касб-ҳунарга қизиқиш уйғотиш, мактабгача таълим давридан бошлаб уларнинг интеллектуал қобилиятлари ва дунёқарашини кенгайтириш бугунги таълим тизими олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Шу жиҳатдан, Таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Меҳринисо Пардаеванинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида таълим муассасаларидаги мавжуд шароитлар, ўқув-тарбия жараёнлари ва таълим сифатини ошириш борасидаги ишлар билан танишуви алоҳида аҳамият касб этди.
Дастлаб вазир ўринбосари Бухоро шаҳридаги 29-умумтаълим мактабида бўлиб, бу ерда ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантириш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш ҳамда касб танлашга йўналтириш борасида йўлга қўйилган ишлар билан танишди.
Мактабда ташкил этилган IT, йигит-қизлар сартарошлиги, электротехника, тикувчилик ва зардузлик, патдўзлик ҳамда пазандачилик йўналишларидаги ўқув-амалиёт хоналари эътиборни тортди. Ушбу хоналар ўқувчиларнинг назарий билимларини амалий машғулотлар билан мустаҳкамлаш, муайян касбга бўлган қизиқишини шакллантириш ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича дастлабки кўникмаларни эгаллашига хизмат қилмоқда.

Зеро, замонавий мактаб нафақат билим берадиган, балки боланинг иқтидорини кашф этадиган, унинг келажакдаги касбий йўлини белгилашга кўмаклашадиган маскан бўлиши лозим. Шу маънода, умумтаълим мактабларида амалий касбга йўналтириш имкониятларининг кенгайиши таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги узвийликни таъминлашда муҳим қадамдир.
Ташриф давомида мактабда жорий этилган электрон давомат тизимининг ишлаш тартиби ва имкониятлари ҳам намойиш этилди. Бундай рақамли ечимлар ўқувчилар давоматини мунтазам назорат қилиш, таълим жараёнини самарали бошқариш ва мавжуд муаммоларга ўз вақтида муносабат билдириш имконини беради.
Шунингдек, таълим-тарбия жараёнларининг ташкил этилиши, ўқувчилар учун яратилган шароитлар ҳамда мактабга жалб этилган хорижлик ўқитувчининг фаолияти билан танишилди. Ўрганиш якунида ўқув-амалиёт хоналаридан самарали фойдаланиш, машғулотлар сифатини ошириш ва мавжуд имкониятларни янада кенгайтириш юзасидан масъулларга кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Вазир ўринбосарининг навбатдаги манзили Бухоро шаҳридаги 5-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бу ерда болаларнинг илк ёшдан интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, хорижий тилларни ўрганишга қизиқишини шакллантириш ҳамда экологик тарбия бериш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Хусусан, тарбияланувчиларга инглиз, француз ва корейс тиллари ёш хусусиятларига мос равишда, қизиқарли ўйинлар, интерактив машғулотлар ва жонли мулоқот орқали ўргатилмоқда. Бу эса болаларнинг тил ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириш ва янги билимларни ўзлаштириш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ташкилотдаги яна бир эътиборли жиҳат — болаларда табиатга меҳр ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга қаратилган ташаббуслардир. Жумладан, ташкил этилган жонли бурчаклар орқали тарбияланувчилар ўсимликлар ва жонли табиат билан яқиндан танишиб, уларни парваришлаш, асраб-авайлаш каби муҳим ҳаётий кўникмаларни эгалламоқда.
Ўрганиш жараёнида машғулотларнинг ташкил этилиши, болаларнинг фаол иштироки ва яратилган шароитлар кузатилди. Шунингдек, тарбияланувчиларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Болаларнинг ёши ва физиологик эҳтиёжларига мос, сифатли ҳамда мувозанатли овқатланишни йўлга қўйиш уларнинг соғлом ўсиши ва ҳар томонлама камол топишида муҳим омил экани таъкидланди.
Ташриф давомида таълим муассасаларидаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, таълим-тарбия жараёнларини янада такомиллаштириш, амалий машғулотлар сифатини ошириш ҳамда болалар учун муносиб шароитларни таъминлаш масалалари юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Эътиборлиси, мактабда касбий кўникмаларни шакллантиришдан тортиб, мактабгача таълимда хорижий тиллар ва экологик тарбияни йўлга қўйишгача бўлган бу каби ёндашувлар таълимнинг узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилади. Чунки баркамол авлодни тарбиялаш фақат билим бериш билан чекланмайди. У боланинг қобилиятини эрта аниқлаш, мустақил фикрлашга ўргатиш, ҳаётий кўникмаларини ривожлантириш ва келажакка ишонч билан қадам қўйиши учун зарур шароит яратишни ҳам тақозо этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири