Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп асрлик тарихий муштараклик, маънавий яқинлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар фаол ривожланмоқда. Бугунги кунда икки қардош давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги янгича сиёсий, иқтисодий ва минтақавий аҳамият касб этмоқда. Турли соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган ва яқинда имзонланган икки томонлама ҳужжатлар бунинг муҳим тасдиғидир.

Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Самир Велиев икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари, эришилган келишувларнинг аҳамияти ва давлатлараро шерикчиликни мустаҳкамлаш ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Презитенти Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган сиёсати туфайли бугунги кунда икки давлат ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ўзаро асосда тузилган ҳужжатлар ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга жиддий ҳисса қўшмоқда
Хусусан, 2024 йил 23 августда Тошкентда икки мамлакат етакчилари томонидан Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартнома имзоланган эди. Бу ҳужжат муносабатларимизни стратегик иттифоқчилик даражасига олиб чиқишда ҳуқуқий асос яратди.
Депутат шу йилнинг август ойида Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида қатор муҳим ҳужжатлар имзоланганини ҳам эслатиб ўтди. Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битим шулар жумласидандир.
– 3 ноябрь куни бўлиб ўтган Озарбайжон Миллий Мажлиси йиғилишида ҳар икки ҳужжат ҳам ратификация қилинди. 11 та моддадан иборат Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномадан кўзланган мақсад – Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шерикчилик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Ҳужжат икки қардош халқнинг умумий тарихи, уларнинг маънавий яқинлиги ўзаро ишончи ва энг асосийси, келажакка бўлган ягона қарашининг ҳуқуқий ва сиёсий ифодаси бўлиб хизмат қилади. Бугун биз муносабатларимизни абадий дўстлик фалсафаси асосида бунёд этмоқдамиз, - дейди С. Велиев.
Депутат шунингдек, шартноманинг алоҳида аҳамиятга эга қоидаларидан бири – томонларнинг бир-бирининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга қаратилган ўзаро мажбуриятларининг белгиланганини ҳам қўшимча қилди.
Шартномада парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу ҳужжат икки мамлакат парламентлари ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.
Самир Велиев Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битим ҳақида тўхталиб, 26 моддадан иборат мазкур ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад - мамлакатларимиз ўртасидаги пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилганини таъкидлади. Пенсия таъминоти соҳасидаги бошқа давлат қонунчилиги қўлланганда, иштирокчи давлатлар фуқароларига, ўша давлат фуқаролари билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятлар берилади.
Депутат бугунги кунда Озарбайжон ва Ўзбекистон кенгроқ географик маконди муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади. Хусусан, Туркий дунё интеграцияси, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги транспорт-логистика алоқалари ҳамда “Ўрта йўлак”ни ривожлантиришда.
Имзоланган ҳужжатлар нафақат сиёсий алоқаларни, балки шунингдек, иқтисодий ва савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Расмий статистика маълумотлари ҳам буни тасдиқлайди: 2024 йилда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 252 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсатгич 795 миллион долларга етиб, уч баравардан кўпроққа ошди. Жорий йилнинг январь-май ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ошди.
Азиза Алимова ёзиб олди, ЎзА