Юксак эътироф
Миллий маданиятимиз ҳамда тасвирий санъатимиз ривожида ўз мактаби ва муносиб ўрнига эга ижодкор, академик Турсунали Қўзиевнинг кўп йиллик меҳнати яна бир бор юксак эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ устоз санъаткорга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони берилди.
Давлатимиз раҳбарининг Фармонида устоз санъаткорнинг давлат бошқаруви ва маданият соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, илмий-ижодий фаолияти, тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш, миллий маданиятимизни жаҳон миқёсида тарғиб этиш ҳамда тарихий-маданий меросимизни чуқур ўрганиш борасидаги хизматлари алоҳида қайд этилган.
Қутлуғ 75 баҳорини қаршилаётган Турсунали Қўзиев серқирра ижоди ва бой тажрибаси билан миллий санъатимиз ҳамда маданий ҳаётимизда муносиб ўрин эгаллаган зиёлилардан бири саналади. У график рассом, кандакор ва фотосанъат устаси сифатида рангтасвир, монументал санъат ҳамда бадиий фотография йўналишларида борлиқни шоирона талқин этувчи, ёрқин ва нафис асарлар яратган. Она юрт мадҳи, халқимизнинг миллий урф-одатлари ва бой маданий меросини акс эттирган ижодий ишлари нафақат мамлакатимизда, балки Осиё ва Европанинг қатор давлатларида ўтказилган халқаро кўргазмаларда ҳам санъат ихлосмандларининг юксак баҳосига сазовор бўлган.
Ижодкор кўп йиллар давомида маданият, санъат, маданий мерос ва таълим тизимида, шунингдек, парламент фаолиятида масъулиятли вазифаларни сидқидилдан адо этиб, соҳа тараққиёти ва ёш мутахассислар тарбиясига муносиб ҳисса қўшди. Бугунги кунда ҳам у Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг илмий маслаҳатчиси сифатида ўзининг бой билим ва раҳбарлик тажрибасини миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодларга етказиш йўлидаги ишларга сафарбар этмоқда. Санъаткорнинг фидокорона меҳнати аввал ҳам “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони ва “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Юксак касбий маҳорат ҳамда маданий меросга чексиз ҳурмат ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди.
ЎзА