Ижод, илм ва устозлик мужассам умр
Устоз рассом, академик, санъатшунос ва жамоат арбоби Турсунали Қўзиев — бутун умрини ўзбек миллий санъатини асраб-авайлаш, унинг бой анъаналарини ривожлантириш ва келажак авлодларга етказишдек эзгу мақсадга бағишлаган фидойи ижодкорлардан бири.
75 ёш — инсон умрининг мазмунли саҳифалари, босиб ўтилган йўлнинг сарҳисоби, йиллар давомида тўпланган тажриба ва ҳаётий хулосалар мужассам бўлган айрича бир манзил. Турсунали Қўзиевнинг ҳаёт ва ижод йўли эса нафақат тасвирий санъат, балки миллий маданиятимиз, илм-фан, таълим ва жамоатчилик соҳаларидаги серқирра фаолияти билан ҳам аҳамиятли.
Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг маслаҳатчиси Турсунали Қўзиев кўп йиллик фаолияти давомида миллий тасвирий ва амалий санъат ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг ижодий изланишлари, ташкилотчилик ва илмий фаолияти, маданий меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасидаги ташаббуслари ўзбек санъати тараққиётида алоҳида ўрин тутади.

Устоз фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири миллий бадиий мактаб анъаналарини сақлаш, бойитиш ва уларни замонавий тафаккур билан уйғунлаштиришдан иборат. У санъатни шунчаки ижод маҳсули эмас, балки халқнинг тарихи, маънавияти, дунёқараши ва миллий ўзлигини намоён этувчи бебаҳо қадрият сифатида эъзозлайди. Шу боис ҳам фаолиятида тарихий-маданий меросни чуқур ўрганиш, унинг асл қиёфасини асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш устувор аҳамият касб этади.
Турсунали Қўзиев учун устозлик ҳам ижоднинг узвий давоми. Ёш истеъдодларни кашф этиш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, санъатга меҳр, касбга садоқат ва масъулият туйғусини шакллантириш унинг кўп йиллик фаолиятининг ажралмас қисмига айланган. Унинг шогирдлари учун устоз касб сирларини ўргатган мураббий бўлиши билан бирга, миллий қадриятларга садоқат, меҳнатсеварлик ва изланувчанлик борасида ҳам ибрат мактаби.

Турсунали Қўзиевнинг давлат бошқаруви ва маданият соҳаларидаги фаолияти ҳам миллий маданиятимиз равнақи йўлидаги салмоқли ишлари билан эътиборга молик. Хусусан, ўзбек санъатини халқаро миқёсда танитиш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий бадиий меросимизнинг умуминсоний аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш йўлидаги хизматлари алоҳида эътирофга сазовор.
Устоз бугун ҳам ижод, илм ва маърифат йўлидаги изланишларини давом эттирмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг маслаҳатчиси сифатидаги фаолияти ҳам унинг тарихий ва маънавий меросимизни ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги кўп йиллик тажрибаси ва саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми.
75 йиллик юбилей муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ва маданият намояндалари, санъаткорнинг шогирдлари, ҳамкасблари ва яқинлари иштирок этиб, устознинг сермазмун ҳаёт йўли, ижодий мероси ва миллий маданият ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ Турсунали Қўзиевга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони берилгани маълум қилинди. Бу юксак эътироф устознинг ёш авлодни тарбиялаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнатига берилган муносиб баҳо.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири