Маданият соҳасига ажратилаётган бюджет маблағлари кўпаймоқда, аммо муаммолар ҳам бор
Мамлакатимизда маданият соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Соҳага ажратилаётган бюджет маблағлари 2017 йилдаги 122,8 миллиард сўмдан 2026 йилда қарийб 1,2 триллион сўмга етгани ҳам буни исботлайди.
Шу даврда 30 га яқин янги маданият ташкилотлари, жумладан, мақом, бахшичилик ва аския марказлари, симфоник оркестрлар, театрлар ташкил этилди. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш учун махсус мукофотлар таъсис қилинди. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига 2016 йилгача 4 та миллий қадриятимиз киритилган бўлса, кейинги йилларда яна 14 та элемент ушбу рўйхатдан жой олди.

Бугунги кунда чекка ҳудудларда маданий тадбирларни ташкил этиш мақсадида “Маданият карвони” лойиҳаси амалга оширилиб, унинг доирасида 101 та тадбир ўтказилди. Ҳудудлардаги юзга яқин маданият маркази таъмирланди, таълим ва маданият муассасаларига 11 мингдан ортиқ миллий мусиқа чолғулари етказиб берилди.
Соҳадаги ютуқлар билан бирга, маданият муассасаларининг моддий-техник ҳолати, малакали кадрлар етишмаслиги, молиялаштириш, ижодий эркинлик ва нодавлат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида маданият муассасалари фаолиятидаги муаммолар, мавжуд имкониятлар ва амалий ечимлар, “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун ижросини самарали таъминлашнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди.

Унда соҳа мутахассислари ва масъуллари иштирокида соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, театр ва кино санъатининг сифатини ошириш, маданият муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, чекка ҳудудларда маданий тадбирлар сонини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди. Бу борада бир қатор таклифлар, тавсиялар билдирди.
М.Комилова,
ЎзА