Ёзги таътил мазмунли ва хавфсиз ўтади
Болаларнинг ёзги таътили бошланди. Бу жараёнга масъул ташкилотлар учун ёзги таътилни хавфсиз ва мазмунли ўтказишни таъминлаш асосий мақсаддир. Бўстонлиқ туманидаги "Гулзор" оромгоҳида ташкил этилган ўқув-семинарда айнан шу масала кўриб чиқилди.
Юртимизда ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, уларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ва хавфсиз ташкил этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Бўстонлиқ туманида жойлашган Олмалиқ кон-металлургия комбинати тасарруфидаги сўлим “Гулзор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ёзги мавсумни тизимли ва юқори савияда ташкил этишга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Сўзга чиққан масъуллар ўғил-қизларнинг ёзги дам олишини режалаштиришда ҳар бир боланинг оромгоҳда ўтказган вақтини мароқли ташкил этиш лозимлигини таъкидлашди. Бу орқали болаларнинг ҳам жисмонан, ҳам ақлан шаклланиши учун мустаҳкам замин яратилади.

Семинарда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Тошкент вилоят бошқармаси мутахассиси янги мавсум учун ишлаб чиқилган 12 кунлик намунавий дастурнинг мазмун-моҳиятини иштирокчиларга атрофлича тушунтириб берди. Мавсумда болаларнинг дам олишини ташкил этишда иштирок этувчи барча соҳа вакилларига зарур тавсиялар берилди ва уларнинг вазифалари айтилди. Хусусан, оромгоҳларда санитария қоидалари ва меъёрларига қатъий риоя қилиш ҳамда болаларга малакали тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш масалалари кўриб чиқилди.
Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармалари ходимларининг оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги масъулияти муҳокама қилинди. Ёз мавсуми давомида болажонларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш учун Маданият, Спорт бошқармалари томонидан режалаштирилган қизиқарли мусобақалар ҳамда концерт дастурлари бўйича маълумотлар берилди.

Тадбир давомида 2025 йилги ёз мавсумида оромгоҳлар фаолиятини самарали йўлга қўйган бир гуруҳ соҳа вакиллари муносиб рағбатлантирилди. Шундан сўнг, иштирокчилар “Гулзор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида яратилган замонавий шароитларни кўздан кечирди. Шу билан бирга, Тошкент вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан кўргазмали тактик ўқув машғулоти ҳам ташкил этилди. Унда ёнғин ўчириш, қутқарув техника воситалари ва жиҳозлари намойиш этилиб, машғулот давомида шартли ёнғин тезкорлик билан бартараф этилди.

Ўқув-семинар якунида масъулларга мавсумни муваффақиятли ташкил этиш бўйича аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди. Ушбу тизимли тайёргарлик ишлари жойлардаги барча ёзги оромгоҳларда болажонларнинг таътил кунларини хавфсиз, соғлом ва унутилмас тарзда ўтказишларига хизмат қилиши шубҳасиздир.
Мутахассислар маълумотига кўра, ОКМК тасарруфида ҳозир “Тонг” (Пискент тумани), “Истиқлол” (Жиззах вилояти, Зомин тумани), “Гулзор” ва “Металлург” (Бўстонлиқ тумани) ҳамда “Хондиза-Парвоз” (Сурхондарё вилояти) болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият юритмоқда. Мазкур оромгоҳларда ёзги мавсумга тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланиб, барча масканлар болажонларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.
А.Мусаев,ЎзА