“Олтин қалам" ХХ Миллий мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди (+видео)
Пойтахтимиздаги муҳташам "Ўзбекистон" Халқаро анжуманлар саройида 27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тантанали маросим ҳамда "Олтин қалам" ХХ Миллий мукофоти ғолибларини шарафлаш тадбири бўлиб ўтди. Анжуманга юртимиз медиа соҳаси равнақига ҳисса қўшиб келаётган тажрибали устоз журналистлар ва соҳа ходимлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам қутловини Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбари ўз табригида ижодкорларни яқин маслакдоши деб билишини, ислоҳотларни аҳолига етказиш ва муаммоларни дадил кўтариб, уларга ечим топишда ОАВ ва блогерларнинг хизмати беқиёс эканини таъкидлади. Шунингдек, Президент фармонига биноан юксак унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган бир гуруҳ журналистларга мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева тантанали равишда топширди.
Танлов ташкилий қўмитаси ва Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов келиб тушган ижодий ишлар кўлами ҳақида маълумот берди. Сўзга чиққан маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор учун миннатдорлик изҳор этдилар.
<iframe width="873" height="491" src="https://www.youtube.com/embed/Ac9bxtw9Bc8" title="“Oltin qalam” XX Milliy mukofoti marosimi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зиёвуддин Нуриддинов, Ойбек Давронов (видео), ЎзА