Ёзги соғломлаштириш тадбирлари – эътиборда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида ёзги соғломлаштириш мавсуми доирасида тарбияланувчиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг жисмоний ва интеллектуал ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Янги Наманган туманидаги 73-давлат мактабгача таълим ташкилотида 150 нафар тарбияланувчи учун 10 дан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, “Ёзги соғломлаштириш” дастури асосида спорт мусобақалари, ижодий машғулотлар, мантиқий ўйинлар ҳамда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
[gallery-30346]
Шунингдек, “Нептун куни”, “Шеърхонлик кечаси”, “Денгиз шоҳи меҳмонда”, “Боболар ўгити”, “Ростгўйлик куни” ва “Соғлом кун тартиби” каби лойиҳалар орқали ўғил-қизларнинг соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА