237 та дорихонада қонунбузилишлар аниқланди
Аҳолининг сифатли ва ҳамёнбоп дори воситалари билан таъминланиши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда дори воситаларига белгиланган чекланган савдо устамаларига риоя этилиши устидан доимий назорат олиб борилмоқда. Рақобат қўмитаси ва Солиқ органлари ўртасида йўлга қўйилган рақамли ҳамкорлик бу борада қонунбузилишларни тезкор аниқлаш имконини бермоқда.
Хусусан, 2026 йилнинг иккинчи чорагида Қўмитанинг «Fair Tech» ягона ахборот тизимига келиб тушган хабарлар асосида ўтказилган ўрганишлар давомида 237 та дорихонада (шундан 33 таси улгуржи, 204 таси чакана) 148 минг 810 та ҳолатда дори воситаларига белгиланган чекланган савдо устамалари ошириб қўлланилгани аниқланди.
Натижада 1,9 миллиард сўмлик асоссиз даромад олингани маълум бўлиб, ушбу маблағлар бўйича истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди ҳамда уларнинг ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли чоралар кўрилди.
Бу натижалар дори воситалари нархларини назорат қилиш борасида рақамли тизимлар самара бераётганини кўрсатади. Рақобат қўмитаси мазкур йўналишдаги назорат тадбирлари давом эттирилиши, қонун талабларини бузган дорихоналарга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши ҳамда уларнинг рўйхати очиқ эълон қилиб борилишини маълум қилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА