Ёзги ҳордиқ ва маънавий тарбия манзили
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган “Зиё чашмалари” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ёзги дам олиш мавсуми қизғин давом этмоқда. Кўҳна тарих ва сўлим табиат бағрида жойлашган мазкур маскан болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, соғломлашиши ҳамда бўш вақтини самарали ўтказиши учун хизмат қилмоқда.
1953 йилда ташкил этилган оромгоҳ 2018-2019 йилларда қайта қурилиб, замонавий қиёфа касб этган. 6,62 гектар майдонни эгаллаган оромгоҳда ётоқхоналар, ошхона, спорт майдонлари, хиёбонлар ва бошқа зарур инфратузилма объектлари барпо этилган. Бу ерда болалар учун хавфсиз, қулай ва маънавий-маърифий муҳит яратилган.
Оромгоҳда ёз мавсуми давомида болаларнинг нафақат дам олиши, балки уларнинг маънавий, интеллектуал ва ижодий камолотига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ватанпарварлик, миллий қадриятлар, давлат рамзлари ва тарихий меросга бағишланган давра суҳбатлари, маърифий учрашувлар ва тарбиявий тадбирлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, буюк аждодларимиз ҳаёти ва мероси ҳақидаги машғулотлар орқали ўқувчиларнинг миллий ўзлик, тарих ва маънавият ҳақидаги тасаввурлари бойитилмоқда.
[gallery-30208]
Оромгоҳда турли танлов ва мусобақалар ҳам ўтказилаяпти. “Заковат”, “Иқбол”, “Балли қизлар”, “Балли йигитлар”, “Эртаклар яхшиликка етаклар” каби танловлар, спорт мусобақалари ва ижодий беллашувлар болаларнинг билим ва қобилиятини намоён этиш, жамоавийлик, фаоллик ва ташаббускорлик кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
“Зиё чашмалари”да ташкил этилган ёзги дам олиш ва тарбиявий тадбирлар болаларнинг ҳордиқ чиқариши, янги дўстлар орттириши, билим ва таассуротларини бойитишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА