Шифокор ва олимларнинг илғор ғоя ҳамда таклифларини жамлайдиган янги платформа яратилади
Бу ҳақда Тошкент давлат тиббиёт университетида Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов соҳанинг етакчи амалиётчи шифокорлари ва олимлари билан учрашувда маълум қилди.
Ушбу очиқ мулоқотдан кўзланган асосий мақсад соҳанинг тажрибали мутахассислари ва илмий салоҳият эгаларининг билим ва тажрибасидан тиббиёт тизимини янада ривожлантириш йўлида самарали фойдаланишдан иборатдир, дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Тадбир давомида тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида эришилган натижалар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, бирламчи тиббий ёрдамнинг янги миллий модели жорий этилди, соҳани рақамлаштириш йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилди. Шунингдек, оила шифокори ва ҳамширалик институтини янада мустаҳкамлаш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Шунга қарамай, тизимда ҳали ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар мавжуд. Йиғилганлар уларни бартараф этиш йўллари, соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган стратегик ёндашувлар юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, тиббиётни ривожлантиришга қаратилган стратегияларни самарали амалга оширишда кўп йиллик тажрибага эга амалиётчи шифокорлар ва илм-фан вакилларининг билим, салоҳият ҳамда имкониятларидан самарали фойдаланиш механизмларини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Бунинг учун тажрибали шифокор ва олимларнинг илғор ғоя ҳамда фикрларини жамлайдиган платформани яратиш таклиф этилди. У орқали амалиётчи мутахассислар ҳамда олимлар соҳани ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсияларини электрон тарзда тақдим этишлари мумкин. Кейинчалик улар таҳлил қилиниб, вазирлик раҳбариятига етказилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА