Сувдан оқилона фойдаланиш – кун тартибидаги устувор вазифа
Сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бугун нафақат қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик барқарорлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим шартига айланмоқда. Шу боис мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасини такомиллаштириш, жойлардаги муаммоларни аҳоли ва фермерлар иштирокида муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жиззах вилоятида ташкил этилган очиқ мулоқот ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилди.
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги “Агромарказ” мажмуасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган фермерлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими А. Эралиев, сув хўжалиги вазири ўринбосари Р. Қаршиев, Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчиси А. Янгиев, Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи М.Турдибоев, шунингдек, соҳа ташкилотлари раҳбарлари, туман ҳокимлиги вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш тизимини модернизация қилиш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш маданиятини қарор топтириш, ирригация инфратузилмасини янгилаш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ҳудудларда мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш, фермер ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиш ҳамда уларни тезкор ҳал этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Очиқ мулоқот ана шу мақсадга хизмат қилиб, сув хўжалиги соҳасидаги долзарб масалаларни бевосита ишлаб чиқарувчилар иштирокида муҳокама қилиш учун самарали майдонга айланди.

Фермерлар ва тадбиркорлар томонидан суғориш мавсумида сувни белгиланган лимитлар асосида ўз вақтида етказиб бериш, коллектор-дренаж тармоқларини тозалаш ишларини жадаллаштириш, гидротехник иншоотларни таъмирлаш, каналларни тозалаш учун махсус техникалар ажратиш, шунингдек, лоток тармоқларини таъмирлаш билан боғлиқ қатор таклиф ва мурожаатлар билдирилди.
Масъуллар ҳар бир масала юзасидан атрофлича фикр алмашиб, амалий ечимларни белгилади. Айрим мурожаатлар жойидаёқ ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, 15 нафар фермернинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди. Яна 8 та мурожаат назоратга олинди, 2 та масала бўйича эса қўшимча ўрганиш ишларини амалга ошириш белгиланди.
Очиқ мулоқот давомида сувдан оқилона фойдаланиш ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчисининг иқтисодий манфаати билан бирга, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги ва келажак авлодлар олдидаги масъулият экани алоҳида таъкидланди.
Бугун сувнинг ҳар бир томчиси ҳисобли. Уни асраш, тежаш ва самарали бошқариш эса давлат идоралари, сув хўжалиги ташкилотлари, фермерлар ва барча сув истеъмолчиларининг умумий вазифасидир. Жиззах вилоятида ўтказилган мазкур очиқ мулоқот ана шу мақсад йўлидаги амалий саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришга хизмат қилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири