“Youth Sports Challenge” – соғлом ҳаёт сари яна бир муҳим қадам
ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган “Youth Sports Challenge” лойиҳаси ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда спорт орқали жамоавийлик, рақобатбардошлик ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Мазкур лойиҳа доирасида ЎзЛиДеП Кармана тумани Кенгаши ташаббуси билан “Янги ариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида спортнинг футбол тури бўйича “Креатив ёшлар кубоги” оммавий спорт мусобақаси ташкил этилди. Унда маҳаллада истиқомат қилувчи спортсевар ёшлардан ташкил топган жамоалар фаол иштирок этиб, ғалаба учун муносиб кураш олиб борди.
– Мусобақанинг асосий мақсади ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишга ундаш, уларнинг жисмоний салоҳиятини ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришдан иборат, – дейди партиянинг Кармана тумани Кенгаши раиси Юсуф Муродов. – Беллашувлар қизғин ва муросасиз руҳда кечди. Ҳар бир жамоа ўзининг жисмоний тайёргарлиги, тактик маҳорати ва ғалабага бўлган интилишини намоён этди. Майдонда ҳалол рақобат, спорт маданияти ва ўзаро ҳурмат муҳити ҳукм сурди. Бу эса мусобақанинг нафақат спорт, балки тарбиявий аҳамияти ҳам юксак эканлигини яна бир бор намоён қилди.

Тадбир давомида иштирокчилар соғлом турмуш тарзига амал қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланишнинг инсон саломатлиги ва ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр алмашди. Шунингдек, бундай мусобақалар ёшларни турли салбий иллатлардан асраш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Мусобақа якунида ғолиб ва фаол иштирок этган жамоалар муносиб тақдирланиб, уларга диплом, эсдалик совғалари ҳамда кубок топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири