Осиё чемпионатида 21 нафар ёш шахматчимиз иштирок этади
Эртага Хитойнинг Шенжон шаҳрида шахмат бўйича 8, 10 ва 12, 14, 16 ва 18 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бошланади.
Куни кеча Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан мазкур қитъа биринчилигида неча нафар шахматчи Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиши эълон қилинди.
Унга кўра, 28-бор ташкил этилаётган мазкур қитъа чемпионатида умумий ҳисобда 21 нафар ёш шахматчи Ўзбекистон байроғи остида дона суриши белгиланган.
Мусобақаларда умумий ҳисобда 31 та мамлакатдан 900 дан ортиқ спортчи иштирок этиш талабномаларини тақдим этган бўлса, чемпионатда энг кўп қатнашчи Хитой, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон давлатлари ҳиссасига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионати доирасида 16 июль куни 7 та турдан иборат рапид мусобақалари ҳамда 24 июль куни 9 та турни қамраб олган блиц ўйинлари ташкил этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА