Автоспортчимиз Италия турнирида ғолибликка эришди
Италиянинг Муджелло трассасида ўтган “Ultimate Cup GT Sprint” мусобақасида ўзбекистонлик Исмоил Аҳмедхўжаев ва россиялик Роман Русинов жуфтлиги ғолибликка эришди.
Дам олиш кунлари ўтган пойга Исмоил Аҳмедхўжаев-Роман Русинов жамоаси учун осон кечмади. Саралаш баҳсларидаёқ экипаж ўз тезлигини намойиш этиб, поул-позицияни эгаллади ва машина юқори ўринлар учун курашишга тайёр эканини исботлади.
Биринчи пойгада Исмоил Аҳмедхўжаев муваффақиятли старт олиб, пешқадамлар гуруҳида ҳаракатланаётган пайтда тўқнашувга учради. Бу, яна бир бор “GT Sprint” мусобақаларининг нақадар мураккаб эканини кўрсатди.
Иккинчи пойгада кучли қайтишни амалга оширган Ахмедхўжаев ва Русинов бошқарувидаги “Rossa LM GT” автомобили марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтиб, ғолиблик шоҳсупасидан ўрин эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, “Ultimate Cup European Series” Европадаги машҳур автоспорт чемпионатларидан бири бўлиб, ушбу мусобақалар тизими бир нечта турли даражадаги турнирларни қамраб олган, Муджелло баҳслари энг муҳим мусобақалардан бири ҳисобланади.
Т.Рўзиев, ЎзА