Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларнинг ташаббус ва ғоялари ҳар доим қўллаб-қувватланади

Пайшанба — Ёшлар куни муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят Ёшлар марказида бир гуруҳ фаол ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди. Эркин ва мулоқотга бой муҳитда кечган учрашув ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, ташаббус ва таклифларини тинглаш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Учрашув давомида ёшлар ўзларини қийнаётган муаммолар, шунингдек, жамият ҳаётини янада яхшилашга қаратилган ғоя ва ташаббусларини бевосита вилоят раҳбарига баён қилиш имконига эга бўлди. Айниқса, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, аҳоли учун қўшимча автобус йўналишларини йўлга қўйиш, спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам қатор таклифлар билдирилди.

Айрим ёшлар таълим сифати, иш билан таъминланиш ҳамда тиббий хизматдан фойдаланиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам мурожаат қилишди. Барча мурожаатлар диққат билан тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарларига вазифалар юклатилди.

Мулоқот давомида вилоят раҳбари ёшларнинг жамият тараққиётидаги ўрни алоҳида эканини таъкидлаб, уларнинг ташаббус ва ғоялари ҳар доим қўллаб-қувватланишини қайд этди.

– Ёшлар ғояси — тараққиётнинг энг катта манбаи. Агар ёшларда ташаббус бўлса, биз уларни албатта қўллаб-қувватлашимиз, уларнинг ғоялари рўёбга чиқиши учун барча шароитларни яратишимиз шарт,  – деди Эркинжон Турдимов.

Учрашув якунида вилоят раҳбари бугунги мулоқотда кўтарилган масалалар ижросини шахсан назоратга олишини, келаси ҳафта пайшанба куни эса уларнинг бажарилиши юзасидан алоҳида муҳокама ўтказилишини маълум қилди.

– Мазкур учрашув, энг аввало, ёшлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, шу орқали ҳудудда ёшлар сиёсати самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди,  –  дейди вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Акрамов .  –  Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқот жараёнида ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича жавоб олдилар. Улар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар эса инобатга олиниб, амалда қўллаб-қувватланиши таъкидланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири