Халқаро математика олимпиадасида юқори натижага эришган ўқувчиларимиз тантанали кутиб олинди
Жорий йилнинг 26–30-октябрь кунлари Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган Einstein International Olympiad 2026 — Global Final халқаро математика олимпиадасида Ўзбекистонлик иқтидорли ўқувчилар юқори натижаларни қайд этди.
Дунёнинг 15 дан ортиқ давлатидан 300 нафардан зиёд иқтидорли ўқувчи жам бўлган халқаро мусобақада Ўзбекистон вакиллари 3 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза ва 5 та Ҳонорабле Ментион медалини — жами 12 та медални қўлга киритди.
Шунингдек, яна 4 нафар ўзбекистонлик ўқувчи олимпиададаги фаол иштироки учун махсус сертификатлар билан тақдирланди.
Мусобақада Ўзбекистонлик икки нафар ўқувчи жаҳон чемпионати доирасидаги алоҳида юқори натижалари учун қимматбаҳо совғаларга ҳам сазовор бўлди.
Халқаро мусобақанинг энг эътиборли натижаларидан бири 8-синф ўқувчиси Зуфар Атаев томонидан қайд этилди. У математика йўналишида 100 баллдан 96 балл тўплаб, ўз ёш категориясида биринчи ўринни эгаллади ва Жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди.
Яна бир ўзбекистонлик 7-синф ўқувчиси Азиз Аҳмедов ҳам халқаро финалда юксак натижага эришди. У 76 балл тўплаб, ўз ёш категориясидаги 25 нафар иштирокчи орасида учинчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистоннинг 16 нафар иштирокчиси орасида 12 нафари турли даражадаги медалларни қўлга киритган бўлса, қолган 4 нафари фаол иштироки учун сертификатларга эга бўлди.
Халқаро математика олимпиадасида қатнашган Ўзбекистон делегациясининг Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида устозлари, ота-оналари ҳамда синфдош дўстлари иштирокида тантанали кутиб олиш тадбири ташкил этилди.
Ёшларимизнинг халқаро билимлар беллашувида мамлакатимиз шарафини муносиб намоён этишга бўлган интилиши эътирофга лойиқ. Уларнинг халқаро майдондаги иштирокини кенг жамоатчиликка етказиш, айниқса, ёш авлодда илм-фан ва таълимга қизиқишни кучайтириш, иқтидорли ўқувчиларни янада руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-32297]
Н.Раҳмонова, Н. Ҳайдаров(сурат), ЎзА