Ёшларга хорижда таълим олиш имкониятлари тушунтирилди
Қарши давлат техника университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси масъуллари иштирокида талаба-ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси масъул ходими Шерзод Шарипов ва жамғарма вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги вилоят филиали раҳбари Бекзод Жўраев, халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Ибрат Исмоилов иштирок этди.

Мулоқотда ёшларга жамғарманинг фаолият йўналишлари, хорижнинг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятлари, стипендия танловлари ҳамда мутахассислар учун хорижда стажировка ўташ имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Айниқса, хорижий таълим муассасаларида ўқиш истагида бўлган ёшлар учун мавжуд дастурлар, уларда иштирок этиш шартлари ва зарур талаблар юзасидан тушунтиришлар берилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича тавсияларга эга бўлди. Тадбирда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан Zoom платформаси орқали 200 нафардан ёш иштирок этди.

Шу каби учрашув Қарши шаҳридаги Президент мактабида ҳам ташкил этилди.
Бу ерда ҳам “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари томонидан хорижий давлатларда таълим олиш, стипендия дастурларида иштирок этиш ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Маълумот ўрнида, айни пайтда “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида 20 дан ортиқ давлатда 800 нафарга яқин стипендиат таҳсил олмоқда.

Бундай учрашувлар ёшларни хорижда таълим олиш имкониятлари билан яқиндан таништириш, уларни халқаро таълим дастурларида иштирок этишга йўналтириш ва келгуси таълим ҳамда касбий фаолияти учун аниқ мақсадлар белгилашга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири