Ўзбекистон геномикаси халқаро эътиборда
Қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялардан фойдаланиш, экинларнинг генетик хусусиятларини ўрганиш ва юқори ҳосилдор навларни яратишда геномика ва биоинформатика соҳасидаги тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган илмий изланишлар халқаро мутахассисларда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Бош директори Цюй Дунъюй бошчилигидаги делегация Геномика ва биоинформатика марказига ташриф буюриб, бу ердаги илмий-тадқиқот салоҳияти ва замонавий лабораториялар фаолияти билан танишди.

Делегация аъзоларига Марказнинг инфратузилмаси, молекуляр биология ва биоинформатика соҳаларида олиб борилаётган илмий изланишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Марказда илмий ходимлар ва ёш тадқиқотчилар учун замонавий илмий изланишлар олиб бориш, халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этиш, тажриба алмашиш ҳамда янги инновацион ишланмалар яратиш учун зарур шароитлар яратилгани таъкидланди.
Марказ лабораторияларида қишлоқ хўжалиги экинлари геномикаси, маркерларга асосланган селекция, ген ва ҳужайра муҳандислиги йўналишларида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Мазкур ишлар делегация вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА