Ёшларга ишонч — тараққиётнинг энг мустаҳкам кафолати
Бугун Янги Ўзбекистонда ёшларнинг билимли, рақобатбардош ва муносиб иш ўринларига эга бўлиши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинаётган қарор ва дастурлар замирида бир эзгу ғоя мужассам: ҳар бир ёш ўз билим ва салоҳиятига муносиб ўрин топиши, ўз келажагини Ватан тараққиёти билан боғлаши керак. Шу боис мамлакатимизда олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда битирувчиларнинг тақдири фақат статистик рақам сифатида эмас, балки ҳар бир ёш инсоннинг келажаги, орзу-интилишлари ва ҳаётий мақсадлари сифатида баҳоланмоқда.
Ана шу эзгу сиёсатнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси сифатида Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев Ромитан туманида бўлиб, туман ҳокими Умиджон Барноев ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Жамшид Тоҳиров билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат университети ҳамда Бухоро давлат техника университетини жорий йилда тамомлаган, Ромитан туманида яшовчи битирувчиларни ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш, уларни мавжуд бўш иш ўринларига, айниқса соҳавий муассасаларга ишга жойлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шундан сўнг ректор бошчилигидаги ишчи гуруҳ битирувчиларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг бандлик ҳолатини ўрганди. Ҳар бир ёш билан юзма-юз мулоқот қилинди. Мутахассислиги, касбий қизиқишлари, меҳнат фаолиятини бошлаш истаги ва имкониятлари синчиклаб таҳлил этилди. Бу эса ҳар бир битирувчига индивидуал ёндашув асосида амалий ечимлар таклиф этилишини таъминлади.
Эътиборлиси, мазкур жараён расмий тадбир билан чекланиб қолмади. Масъуллар томонидан ҳар бир битирувчини муносиб иш ўрни билан таъминлаш, унинг билим ва малакасидан самарали фойдаланиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бу эса ёшларнинг меҳнат бозорига тез мослашиши, ўз касби бўйича фаолият бошлаши ва келажакка ишонч билан қадам ташлаши учун мустаҳкам замин яратади.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати ҳам шундаки, уларнинг марказида инсон қадри, айниқса ёш авлод манфаатлари туради. Зеро, ҳар бир иш билан таъминланган ёш — бу битта оиланинг фаровонлиги, маҳалланинг ривожи ва бутун мамлакат келажагига қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Малакали кадрлар сафининг кенгайиши эса соғлиқни сақлаш, таълим, саноат ва иқтисодиётнинг барча тармоқларида сифат жиҳатидан янги босқични таъминлайди.
Ромитанда амалга оширилган мазкур манзилли ишлар ҳам давлат раҳбарининг ёшларга оид сиёсати ҳудудларда изчил ва самарали ҳаётга татбиқ этилаётганининг ёрқин намунасидир. Бу каби ташаббуслар бир томондан битирувчиларнинг бандлигини таъминласа, иккинчи томондан ҳудудларни малакали кадрлар билан мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири