Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоятида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва ёшлар бандлигини таъминлаш ишлари изчил давом этмоқда. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар хизмати ходимларининг касбий ва руҳий тайёргарлигини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Ғаллаорол туманида маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳолига қулайлик яратиш ишлари давом этмоқда. Маданият маҳалласида янги замонавий маҳалла биноси фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида туман ҳокими, Республика ишчи гуруҳи аъзоси, нуронийлар ва маҳалла фаоллари қатнашди.

Меҳмонлар бинода яратилган шароитлар билан танишди. Замонавий иш хоналари ва фуқароларни қабул қилиш имкониятлари кўздан кечирилди. Янги бино маҳалла ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш ва ҳал этиш имкониятлари кенгаяди.
***
Зафаробод туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш ишлари давом этмоқда. Ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва экологик муҳитни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туман электр тармоқлари корхонаси ва газ таъминоти бўлими ходимлари ҳам жараёнда фаол қатнашмоқда. Улар йўл четлари ва белгиланган майдонларга манзарали дарахт кўчатларини экмоқда.
Экиш ишларида яшил майдонларни кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Йўл бўйларига янада обод ва кўркам қиёфа бериш кўзланган.

Экилган кўчатларни суғориш ва парваришлаш учун масъуллар бириктирилиб, зарур агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда. Яшил ҳудудларни асраб-авайлаш бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда.
***
Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси Фориш дала полигонида ўқув машғулотлари ташкил этди. Унда бошланғич тайёргарлик ўқув курси тингловчилари қатнашди.
Машғулотлар ҳарбий психолог томонидан олиб борилди. Асосий мақсад тингловчиларнинг руҳий-психологик тайёргарлигини оширишдан иборат бўлди. Шунингдек, жамоада ишлаш ва ҳамжиҳатлик кўникмаларини мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

“Психологик тайёргарлик” фани доирасида маъруза машғулоти ўтказилди. Жамоавий бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилган (“Team building”) тренинг ўйинлари ҳам ташкил этилди.

Машғулотлар иштирокчиларда ўзаро ишонч ва ҳамкорлик кўникмаларини ривожлантирди. Жамоавий қарор қабул қилиш ва муаммоли вазиятларда тўғри ҳаракатланиш машқ қилинди. Бир-бирини қўллаб-қувватлаш каби муҳим фазилатларни шакллантиришга ҳам эътибор берилди.
***
Таълим ва илм-фан вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг Жиззах вилоят босқичи мусобақалари ўтказилди.

Унда шахмат, шашка ва воркаут спорт турлари бўйича беллашувлар ташкил этилди. Шахмат мусобақалари 7-10 ва 11-17 ёшли ўғил болалар ҳамда қизлар ўртасида ўтказилди. Шашка баҳсларида 11-17 ёшли ўқувчилар иштирок этди. Воркаут мусобақасида эса 15-17 ёшли ўғил болалар куч синашди.

Иштирокчилар интеллектуал салоҳият, тезкор фикрлаш ва жисмоний тайёргарликларини намойиш этди. Якунда ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири