Ёшлар хавфсизлиги ва камолоти йўлидаги амалий ташаббус
Ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топиши, сифатли таълим олиши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун зарур шароитларни яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, ёшларнинг таълим ва ривожланиш масканларига хавфсиз ҳамда қулай етиб боришини таъминлаш уларга бўлган эътиборнинг муҳим амалий ифодасидир.
Шу мақсадда Республика “Келажак” маркази ва “HAYOT” жамғармаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Мактабга хавфсиз ҳаракат” лойиҳаси доирасида Бухоро вилоятининг Ромитан тумани “Келажак” марказига микроавтобус совға қилинди. Уни тантанали кутиб олиш маросимида туман ҳокими Умеджон Барноев иштирок этди.
Тадбирда мазкур ташаббуснинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар фақат таълим олиш шароитларини яхшилаш билангина чекланмайди. Уларнинг хавфсизлиги, эркин ҳаракатланиши, қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантириши учун зарур инфратузилмани шакллантириш ҳам бу борадаги ишларнинг муҳим таркибий қисмидир.

Маросим давомида микроавтобус калити тантанали равишда Ромитан тумани “Келажак” маркази жамоасига топширилди.
Янги транспорт воситаси ёшларнинг марказга ва турли таълим-тарбиявий тадбирларга хавфсиз ҳамда қулай етиб боришига хизмат қилади. Бу эса уларнинг билим олиш, янги кўникмаларни эгаллаш, интеллектуал салоҳияти ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга оид давлат сиёсатида илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир ёш учун муносиб шароит яратиш ва унинг келажагига сармоя киритиш тамойиллари ана шундай амалий ташаббусларда ўз ифодасини топмоқда.

Зеро, ёшлар учун яратилган ҳар бир қулайлик — уларнинг эртанги кунига қўйилган мустаҳкам пойдевор. Хавфсиз ҳаракатланиш имконияти эса таълим ва камолот сари йўлдаги муҳим қадамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири