Фавқулодда вазиятларга шайлик синовдан ўтказилди
Фавқулодда вазиятларда ҳар бир дақиқа, ҳар бир тўғри қарор ва ҳамжиҳатликдаги ҳаракат инсон ҳаётини сақлаб қолишда муҳим. Бунинг учун эса нафақат махсус хизматлар, балки барча масъул тузилмаларнинг ҳамиша шайлиги, ўзаро ҳамкорлиги ва амалий кўникмалари мустаҳкам бўлиши зарур. Оқолтин туманида ўтказилган уч кунлик қўмондонлик-штаб ўқув машқи айнан шу мақсадга қаратилди.
«Бошқарув органлари ва Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари» мавзусидаги машғулотларда туман бошқарув органлари, тегишли хизматлар, корхона ва ташкилотлар ҳамда қутқарув тузилмалари иштирок этди.
Ўқув машқининг биринчи куни белгиланган тартибда «Ўзбектелеком» АК Жанубий-Ғарбий филиалининг 15-боғламаси орқали туман бошқарув органлари ва Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматларига тегишли сигнал етказилди. Шундан сўнг туман ҳокимлигида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ҳамда туман ҳокими — фуқаро муҳофазаси бошлиғи раҳбарлигида тезкор йиғилиш ўтказилди. Унда вазиятни баҳолаш, куч ва воситаларни сафарбар этиш, хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Кейинги босқичда туман йиғма командаси ва Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматларининг куч-воситалари саф кўригидан ўтказилди. Шахсий таркибнинг шайлиги, хизмат вазифаларини бажаришга тайёргарлиги, техникаларнинг созлиги ва улардан фойдаланиш имкониятлари текширилди. Бу жараён фавқулодда вазият юзага келганда мавжуд имкониятларни тўғри баҳолаш, зарур кучларни ўз вақтида сафарбар этиш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун муҳим аҳамият касб этди.
Аҳолини хавфсиз ҳудудга кўчириш бўйича ўтказилган махсус-тактик машқда эса шартли талофат кўрган ҳудудлардан фуқароларни эвакуация қилиш тартиби амалда синовдан ўтказилди. Аҳолини қабул қилиш-эвакуация пунктида рўйхатга олиш, уларга бирламчи ёрдам кўрсатиш ва ҳаётий зарур эҳтиёжларини таъминлаш чоралари бажарилди.
Муҳим инфратузилма объектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш ҳам машғулотларнинг асосий йўналишларидан бири бўлди. Ўзбекистон миллий электр тармоқлари АЖ Сирдарё магистрал электр тармоқлари филиалига қарашли «Тинчлик» подстанциясида шартли аварияни бартараф этиш, кабель тармоғини таъмирлаш ва яроқсиз ҳолатга келган трансформаторни алмаштириш бўйича махсус-тактик машғулот ташкил этилди.
[gallery-32620]
Зилзила оқибатида вайроналар остида қолган фуқароларни қидириш, қутқариш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва ёнғинларни ўчириш бўйича ҳам амалий ҳаракатлар бажарилди. Унда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматлари таркибидаги ташкилот ва корхоналар, йиғма команда ҳамда кўнгилли қутқарув тузилмалари иштирок этди. Ҳар бир хизмат ўз вазифасига мувофиқ ҳаракатланиб, шартли жабрланганларни қутқариш, уларга ёрдам кўрсатиш ва ёнғин ўчоқларини бартараф этиш ишларини амалга оширди.
Корхона ва ташкилотлардаги машғулотлар ҳам турли хавф-хатарларга тайёргарликни қамраб олди. Жумладан, «Sirdaryo IES» АЖда «Энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги» доирасида профилактик тадбирлар ўтказилди. Автотранспорт хизматида ёнғин хавфсизлиги ҳолати, Марказий таъмирлаш устахонасида эса металлга ишлов бериш жараёнида техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши ўрганилди. Ишчи-хизматчиларга фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш бўйича тушунтиришлар берилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар билдирилди.
«Indorama» қўшма корхонасида зилзила ва ёнғин каби табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича махсус-тактик машқ ўтказилди.
Шартли ёнғин вақтида корхона ишчи-хизматчилари ва тегишли қутқарув тузилмалари ҳамкорликда ҳаракат қилди. Жабрланганлар хавфсиз ҳудудга олиб чиқилди, электр токидан зарарланган ходимга биринчи ёрдам кўрсатилди. Бинонинг баланд қисмида қолиб кетган фуқаролар вилоят ФВБ махсус қутқарув отряди қутқарувчилари томонидан қутқарилиб, тиббиёт ходимларига топширилди. Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарувчилари эса шартли ёнғинни бартараф этди.
«Zamin Eko Tur» МЧЖга қарашли суюлтирилган газ тўлдириш шохобчасида газ баллонларини тўлдириш ва махсус техникаларга юклаш жараёнида хавфсизлик қоидалари бузилиши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолати моделлаштирилди. Машқда объект раҳбарияти, қутқарув тузилмалари ва Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари мувофиқлаштирилиб, шартли жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва ёнғинни бартараф этиш ишлари бажарилди.
«Агробанк»нинг Оқолтин филиалида ҳам зилзила ва ёнғин оқибатларини бартараф этишга қаратилган амалий машғулот ташкил этилди. Ходимларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, ёнғинни ўчириш ҳамда объект раҳбарияти ва тегишли хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш масалалари синовдан ўтказилди.
Фавқулодда вазиятларда кўп сонли жабрланганларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш ҳам алоҳида тайёргарликни талаб этади. Шу боис Оқолтин тумани тиббиёт бирлашмасида табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар вақтида жабрланганларни қабул қилиш, уларга зарур тиббий ёрдамни ўз вақтида ташкил этиш бўйича махсус-тактик машқ ўтказилди. Бирлашма раҳбарияти, қутқарув тузилмалари ва тиббиёт ходимларининг ҳаракатлари, вазифаларни тақсимлаш ва ўзаро ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Ўқув машқининг яна бир муҳим йўналиши аҳоли ўртасида хавфсизлик маданиятини шакллантириш ва профилактика ишларини кучайтиришдан иборат бўлди. Оқолтин туманидаги Андижон маҳалласида хонадонма-хонадон ўрганишлар ўтказилиб, иситиш мосламалари, газ жиҳозлари, электр тармоқлари ва дудбуронларнинг техник ҳолати кўздан кечирилди. Ис газидан заҳарланиш, ёнғин ва газ-ҳаво аралашмаси чақнаши каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш бўйича аҳолига амалий тавсиялар берилди. Зарур жойларда дудбуронларни тозалаш ишлари ҳам бажарилди.
Хавфсизлик қоидаларини болаликдан ўргатиш мақсадида маҳалладаги 7-сонли умумтаълим мактабида ўқувчилар иштирокида тарғибот ва амалий машғулот ташкил этилди. Унда зилзила вақтида ўзини тутиш, хавфсиз жойни танлаш, бинони тарк этиш ва муҳофаза қоидаларига амал қилиш тартиби тушунтирилди. Назарий маълумотлар амалий машғулотлар орқали мустаҳкамланди.
Мактабгача таълим ташкилотида эса тарбияланувчилар учун ёш хусусиятларига мос қизиқарли тадбир ўтказилди. Болажонларга гугурт билан ўйнамаслик, электр розеткаларига бегона буюмларни тиқмаслик ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари тушунтирилди. Зилзила вақтида тўғри ҳаракатланишга ўргатувчи мультфильмлар намойиш қилиниб, шартли зилзила ҳолатида болаларни хавфсиз жойга эвакуация қилиш жараёни амалий ўйин шаклида ташкил этилди. Шунингдек, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг волонтёр ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда ёшларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида хавфсизлик маданиятини юксалтириш ва фуқароларни тўғри ҳаракатланишга ўргатишдаги иштироки муҳокама қилинди. Волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш, ёшларнинг билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш юзасидан тавсиялар берилди.
— Бундай ўқув машқлари фавқулодда вазиятларга тайёргарликни мустаҳкамлаш, эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш ва улар юзага келган тақдирда оқибатларини имкон қадар камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Турли тузилмаларнинг ягона мақсад йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши, куч ва воситаларнинг шайлиги, ҳар бир масъулнинг ўз вазифасини аниқ билиши инсон ҳаётини асрашда ҳал қилувчи омиллардан ҳисобланади. Оқолтиндаги машғулотлар ҳам ана шу йўналишдаги амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янада такомиллаштириш имконини берди, — деди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, капитан Давронбек Сулаймонов.
Уч кунлик машғулотлар давомида ўтказилган назарий ва амалий тадбирлар фавқулодда вазиятларга тайёргарлик, хизматлар ўртасидаги ҳамкорлик ва аҳолининг хавфсизлик борасидаги билимларини ошириш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатди.
Дарҳақиқат, Хавфсизлик — фавқулодда вазият содир бўлганида кўриладиган чоралар билангина эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган доимий тайёргарлик ва масъулият билан таъминланади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА