Сирдарёда сув ва оқова сув тизими янгиланмоқда
Тоза ичимлик суви — ҳаёт сифати, оқова сувларни тўғри бошқариш эса экологик барқарорлик мезони. Бу икки муҳим йўналишни бир-биридан айри тасаввур этиб бўлмайди. Сирдарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ва оқова сувларни замонавий технологиялар асосида тозалашга қаратилган лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани ҳудуднинг санитария-экологик ҳолатини яхшилаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар ва мавжуд инфратузилмани янгилаш жараёнлари билан яқиндан таништириш мақсадида «Сирдарё сув таъминоти» акциядорлик жамияти томонидан ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун вилоятнинг Гулистон ва Сайхунобод туманларига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-турнинг дастлабки манзили Гулистон тумани маркази ҳисобланган Деҳқонобод шаҳрида барпо этилаётган оқова сувларни тозалаш иншооти бўлди.
Бугунга қадар оқова сувларни қабул қилиш ва тозалаш инфратузилмасининг етарли эмаслиги аҳоли саломатлиги, санитария ҳолати ва экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан долзарб масала бўлиб келган. Янги лойиҳа эса ушбу йўналишдаги муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш, ҳудудда марказлашган канализация тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Қиймати 7 миллион 515 минг АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳа Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Қурилиш ишларига Хитойнинг Guangzhou Tian Long Information Technology Co., Ltd компанияси вакиллари ҳамда маҳаллий қурувчи ва мутахассислар жалб этилган.
2026 йил январь ойида бошланган қурилиш ишларини 2027 йил июль ойида якунлаш режалаштирилган. Иншоот фойдаланишга топширилгач, суткасига 2,5 минг куб метр оқова сувни қабул қилиш ва тозалаш имкониятига эга бўлади.
Лойиҳа фақат тозалаш иншоотини барпо этиш билан чекланмайди. Унинг доирасида Деҳқонобод шаҳридаги тўртта маҳаллани қамраб олувчи 37 километр канализация тармоғи қурилади. Хонадонларга уланиш қувурлари тортилади, қудуқлар ва насос станциялари ўрнатилади. Бу эса аҳоли хонадонларини марказлашган оқова сув тизимига босқичма-босқич улаш имконини беради.
Айни пайтга қадар асосий тармоқ бўйича 8,65 километр қувур ётқизилган бўлиб, режалаштирилган ишларнинг 23 фоизи бажарилган. Хонадонларга уланиш тармоқларини қуриш, қудуқлар ўрнатиш, канализация коллекторларини жиҳозлаш ва юқори босимли қувурларни синовдан ўтказиш ишлари ҳам давом этмоқда.
Қурилиш майдонида иншоотнинг асосий технологик қисмлари — биореактор ва аэротенкни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда пойдеворларни мустаҳкамлаш, арматура каркасларини ўрнатиш, бетон қуйиш ва металл қолипларни жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Янги иншоотда оқова сувларни тозалаш бир неча босқичда амалга оширилади. Дастлаб сув механик тозалашдан ўтказилиб, ундаги йирик чиқиндилар ва қаттиқ аралашмалар ажратиб олинади. Кейин биологик тозалаш жараёнида махсус микроорганизмлар ёрдамида сув таркибидаги органик ифлослантирувчи моддалар парчаланади. Навбатдаги босқичда сув фильтрациядан ўтказилиб, ультрабинафша нурлар ёрдамида зарарсизлантирилади.
Бундан ташқари, фосфорни ажратиб олиш, денитрификация, лойқани ажратиш ва сувсизлантириш жараёнлари ҳам йўлга қўйилади. Барча технологик жараёнларни автоматлаштирилган тарзда бошқариш ва назорат қилиш учун SCADA тизими жорий этилади.
Мазкур технологиялар оқова сув таркибидаги ифлослантирувчи моддаларни босқичма-босқич ажратиш, тозалаш самарадорлигини назорат қилиш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш имконини беради.
— Ушбу лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, Деҳқонобод шаҳри аҳолисининг маиший оқова сувларини замонавий технологиялар асосида тозалаш имконияти яратилади. Иншоотда бир неча босқичли тозалаш жараёнлари жорий этилиб, барча технологик жараёнлар автоматлаштирилган тизим орқали назорат қилинади. Энг муҳими, бу лойиҳа аҳоли учун қулайлик яратиш билан бирга, экологик хавфсизликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади, — деди лойиҳа раҳбари Панжиян Чай.
Қурилиш жараёнида нафақат технологик талабларга, балки меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига ҳам қатъий риоя этилишига эътибор қаратилмоқда.
— Ҳозирда бош иншоот ва унга тегишли қўшимча объектларни барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, Деҳқонобод шаҳрида канализация қувурларини ётқизиш ишлари ҳам параллель равишда давом этмоқда. Қудуқларни ўрнатиш ва тармоқларни тортиш белгиланган режалар асосида амалга ошириляпти. Барча жараёнларда техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилишига эътибор қаратилган, — дейди компаниянинг техника хавфсизлиги бўйича муҳандиси Комил Ҳайдаров.
Демак, лойиҳа натижасида Деҳқонобод шаҳрида оқова сувларни марказлашган тарзда қабул қилиш ва тозалаш учун зарур инфратузилма шаклланади. Бу эса маиший оқова сувларни тартибли бошқариш, санитария ҳолатини яхшилаш ва экологик хавфларни камайтиришга хизмат қилади.
[gallery-32624]
Пресс-турнинг иккинчи манзили Сайхунобод туманидаги Янгиҳаёт маҳалласи ҳудудида жойлашган «Бешбулоқ» сув ҳайдаш иншооти бўлди.
1992 йилда фойдаланишга топширилган мазкур мажмуа вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Унинг асосий вазифаси ер ости сув манбаларидан олинган сувни йиғиш, зарур ишловдан ўтказиш ва белгиланган йўналишлар бўйича истеъмолчиларга етказиб беришдан иборат.
Иншоот ҳудудида 28 та тик қудуқ мавжуд бўлиб, уларнинг умумий чуқурлиги 250 метрни ташкил этади. Ер ости манбаларидан олинган сув махсус қувурлар орқали йиғиш ҳавзаларига келиб тушади. Кейин насос ускуналари ёрдамида истеъмолчиларга узатилади.
Мутахассислар таъкидлашича, «Бешбулоқ» манбаси суви табиий сифати ва ичишга яроқлилик кўрсаткичлари билан ажралиб туради.
— Бу ҳудуд аввал ботқоқ ва зах ерлардан иборат бўлган. Ер қазиш ишлари давомида ер остида кучли босим остида сув мавжудлиги аниқланган. Кейинчалик чуқурроқ қазиш ва лаборатория текширувлари орқали сувнинг ичишга яроқли экани маълум бўлган. Бугунги кунда ушбу табиий манба вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, — дейди иншоот бош устаси Воҳид Мамарайимов.
Мазкур иншоот орқали Гулистон тумани ва Гулистон шаҳри аҳолиси, шунингдек, Гулистон туманидаги Бешбулоқ, Чорвадор, Чортоқ, Қизилобод, Дўстлик ҳамда Сайхунобод туманидаги Тожиковул ва Янгиҳаёт маҳаллаларига ичимлик суви етказиб берилади.
Сув таъминотида узлуксизликни таъминлаш учун насос ускуналарининг иш режими ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мажмуада насосларнинг бир қисми доимий ишласа, қолганлари захирада сақланади. Бу эса асосий ускуналардан бирида техник носозлик юзага келган тақдирда захира қувватларини ишга тушириш ва таъминотдаги узилишларнинг олдини олиш имконини беради.
Сув истеъмолчиларга етказилишидан олдин зарарсизлантириш жараёнидан ўтказилади. Зеро, сувнинг табиий манбадан олингани унинг сифатини назорат қилиш заруратини истисно этмайди. Мунтазам лаборатория текширувлари ва санитария талабларига риоя этиш аҳолига хавфсиз ичимлик суви етказиб беришнинг муҳим шартидир.
Вақт ўтиши билан иншоотнинг техник имкониятларини кенгайтириш ва ишончлилигини ошириш зарурати ҳам юзага келган. Шу мақсадда 2016 йилда реконструкция ишлари бошланиб, 2018 йилда тўлиқ якунланган. Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан ушбу ишларга 4 миллион АҚШ доллари йўналтирилган. Натижада сув ҳайдаш тизими модернизация қилинди. Бу эса иш самарадорлигини ошириш, аҳолини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш имконини беряпти.
Мажмуада энергия тежамкорлиги масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Ҳудудга ўрнатилган қуёш панеллари муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ва электр энергияси сарфини камайтиришга қаратилган. Уларнинг тўлиқ ишга туширилиши энергия таъминотида қўшимча имкониятлар яратади.
Пресс-тур давомида журналистларга вазифаси турлича, аммо бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган икки муҳим инфратузилма объекти фаолияти ҳақида маълумот берилди. Деҳқонободда оқова сувларни қабул қилиш ва тозалаш тизими барпо этилаётган бўлса, «Бешбулоқ» иншоотида ер ости сув манбаларидан фойдаланган ҳолда аҳолига ичимлик суви етказиб берилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, сув таъминоти тизимининг самарадорлиги фақат сув манбаларининг имконияти ёки тармоқлар узунлиги билан белгиланмайди. Бунда сув сифати, уни истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш, энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, ускуналарнинг ишончлилиги, шунингдек, фойдаланилган сувни тозалаш ва экологик хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (суратлар), ЎзА мухбирлари