Ёшлар ва ишсиз фуқаролар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди
Бугун ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва ишсизликни камайтириш нафақат иқтисодий, балки муҳим ижтимоий вазифадир. Ҳар бир инсон ўзининг салоҳиятига мос, муносиб меҳнат шароитига эга иш ўрнига эга бўлишни хоҳлайди. Мана шундай истак ва имкониятларни бирлаштириш, банд бўлмаган фуқароларга амалий кўмак бериш мақсадида Пойтахтимиздаги Сергели туманида ёшлар ва ишсиз ҳамда бандлиги таъминланмаган фуқароларни муносиб иш ўринларига йўналтириш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Ярмаркада 100 дан ортиқ иш берувчи ташкилот ҳамда 1000 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этди.
Хусусан, тадбирда йирик корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ўзларидаги мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этдилар. Ярмарка давомида иш қидираётган фуқароларга иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ва ўз мутахассисликларига мос лавозимларни танлаш имконияти яратилди.

Шунингдек, ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлган фуқароларга имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бу каби ярмаркалар ёшлар ва иш излаётган фуқароларни меҳнат бозоридаги реал имкониятлар билан боғлаш, бандликни таъминлаш ҳамда янги иш ўринларига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва муносиб иш ўринларига жойлаштириш мақсадида “Технопарк” саноат зонасига экскурсия ташкил этилди.
Тадбир давомида мактаб, олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларига корхоналардаги мавжуд бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлар ҳақида маълумот берилди. Ёшлар корхоналар фаолияти, меҳнат шароитлари ва мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишиб, суҳбат асосида ўзларига мос иш ўринларига йўналтирилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва даромад манбаларини яратиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Гулноза Бобоева,ЎзА