“Яшил макон” доирасида амалий семинар
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юртимизнинг барча ҳудудида изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда. Бу йўналишдаги ҳаракатлар 2030 йилгача мамлакатимизнинг яшиллик даражасини 30 фоизга етказишга оид вазифани амалга оширишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида семинар ташкил этилди.
Тадбир давомида ёшларга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унинг экологик барқарорликни таъминлаш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришдаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Семинарнинг амалий қисмида иштирокчиларга дарахт кўчатларини экиш тартиби, экиш жойини тўғри тайёрлаш, кўчатларни белгиланган талаблар асосида ўтқазиш ва уларни дастлабки парвариш қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Бу каби амалий тадбирлар ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга қаратилган ҳаракатларнинг натижадорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
М.Комилова, ЎзА