Илм-фан ва иқтисодиёт уйғунлиги
Шарҳ
2026 йилнинг 9 октябрида қабул қилинган “Янги ишланмаларга асосланган “спин-офф“ корхоналарини ташкил этиш ҳамда янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳаларини молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мустаҳкам кўприкни яратиш, илмий лабораториялардаги ноёб ғояларнинг амалиётга жорий этилишини таъминлаш ҳамда жаҳон тажрибасида ўз самарасини берган илғор механизмларни ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 апрелдаги тегишли фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Хўш, бундай ҳужжатнинг қабул қилинишига қандай объектив эҳтиёж пайдо бўлган эди?
Маълумки, ҳар қандай давлатнинг рақобатбардошлиги унинг илмий-инновацион салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида кўплаб изланишлар олиб борилиб, салмоқли натижалар, янги ишланмалар яратилмоқда. Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, илмий янгиликларни бевосита бозорга олиб чиқиш, уларни тижоратлаштириш ва тайёр маҳсулот ёки хизматга айлантиришда маълум бир бюрократик ҳамда молиявий тўсиқлар сақланиб қолаётган эди. Олимлар ўз кашфиётларини иқтисодий фойда келтирадиган бизнес лойиҳага айлантириш механизмига етарлича эга эмаслиги, илмий муассасаларнинг эса молиявий мустақиллигини ошириш орқали янги ишланмаларни рағбатлантириш тизимини кенгайтириш зарурати мазкур қарорнинг қабул қилинишини тақозо этди. Ҳужжат айнан илмий ходимлар ва олийгоҳларга ўзларининг инновацион маҳсулотлари асосида мустақил хўжалик жамиятларини очиш имконини бериш орқали шу бўшлиқни тўлдиради.
Халқаро тажриба ва жаҳон амалиётига назар ташласак, ривожланган давлатлар: АҚШ, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея ва Сингапур тажрибаси шуни кўрсатадики, университетлар қошида “спин-офф” (spin-off) корхоналарининг ташкил этилиши инновацион иқтисодиётнинг локомотиви ҳисобланади. Масалан, АҚШдаги машҳур Стэнфорд ёки Массачусетс технологик институти мисолида кўрадиган бўлсак, олийгоҳ лабораторияларида яратилган илмий кашфиётлар тезкорлик билан “спин-офф” компанияларга айлантирилади ва венчур капитали ҳисобидан молиялаштирилади. Бундай тизим бир вақтнинг ўзида учта катта ютуқни беради: биринчидан, илм-фан ўзини-ўзи молиялаштириш имкониятига эга бўлади; иккинчидан, янги юқори технологик иш ўринлари яратилади; учинчидан эса, давлат иқтисодиёти юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳисобига жадал ўсади. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистонда ҳам айнан шундай илғор халқаро амалиётнинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланди.
Қарорга мувофиқ, олий таълим ташкилотлари ва илмий ташкилотлар муассислигида хўжалик жамияти шаклида янги ишланмаларга асосланган “спин-офф” корхоналарини ташкил этиш тартиби жорий этилди. Шу билан бирга, Таълим ва илм-фан вазирлиги томонидан икки ой муддатда янги ишланмаларга асосланган “спин-офф” корхоналари реестри ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни юритувчи субъектларнинг реестри махсус ахборот тизимида юритилиши таъминланади.
Агентлик “спин-офф” корхоналари фаолиятини мувофиқлаштиради, янги ишланмаларни тижоратлаштириш асосида ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматларни харид қилиш эса иқтисодиёт соҳаларини тартиб солувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари Инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан мунтазам равишда ўтказиладиган танловлар орқали молиялаштирилади. Бунда асосий танловлар Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожлантириш агентлиги томонидан ўтказилади.
Илмий ишланмаларни тижоратга олиб чиқувчи тадбиркорлар ва корхоналар учун жиддий молиявий енгилликлар назарда тутилган. Хусусан, патентсиз илмий ишланмалар асосида товар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйган корхоналарга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги тегишли фармонида кўзда тутилган имтиёз ва преференциялар (солиқдан ташқари) татбиқ этилади.
Илмий тадқиқот натижасида яратилган патентсиз илмий ишланмалар асосида товар ишлаб чиқаришни (хизмат кўрсатишни) йўлга қўйган корхоналар 2026 йил 1 майдан 2029 йил 1 майгача бўлган давр учун фойда солиғини белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлайди.
Аҳамиятлиси, ушбу тизимнинг жорий этилиши соҳа вакиллари учун бир қатор афзалликларга эга. “Спин-офф” корхонасининг олган соф фойдаси давлат улуши бўйича дивидендга йўналтирилмасдан, корхонанинг устав фондидаги давлат улушини ошириш орқали бевосита қайта инвестиция қилиниши мумкин. Бу корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан янада кенгайиши ва оёққа туриб олишини кафолатлайди. “Спин-офф” корхоналари фаолият натижалари уларни ташкил этган муассисларнинг асосий самарадорлик кўрсаткичларидан бири сифатида эътироф этилиши белгиланди. Бу эса масъулларнинг мазкур жараёнга чинакам манфаатдорлик ва жиддий ёндашувини таъминлайди. Шунингдек, олимлар ўз илмий ишлари орқали назарий натижа билан бирга, аниқ молиявий даромад ва бизнес муҳитида ўз ўрнига эга бўлиш имкониятига эришади.
Хулоса қилиб айтганда, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори илмий тадқиқотларни иқтисодиётнинг реал сектори билан боғлайдиган, инновацион ғояларни амалий бизнесга айлантирувчи ва мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи муҳим ҳужжатдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА