Ёшлар ташаббуси ва таклифлари қўллаб-қувватланди
Ёшларнинг тадбиркорлик ғоялари қўллаб-қувватланса, янги лойиҳаларга йўл очилади, бандлик ва даромад манбалари кенгаяди. Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодировнинг «Пайшанба — ёшлар куни» муносабати билан Ёшлар марказида ўтказган учрашуви ҳам ана шу мақсадга қаратилди.
Очиқ мулоқотда ёшлар ўзларининг бизнес лойиҳалари, янги ташаббуслари, таклиф ва муаммоларини ўртага ташлади. Хусусан, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш, умумий овқатланиш шохобчаси ҳамда ўқув маркази ташкил этиш учун имтиёзли кредит ажратиш, логистика хизматини йўлга қўйиш мақсадида жой ажратиш, шунингдек, мавжуд тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш масалалари кўтарилди.


Билдирилган таклифлар эътиборсиз қолмади. Уларни амалга ошириш, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Жумладан, лойиҳаларни молиялаштириш, ер ажратиш ва кадастр билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.


Учрашувда ёшларнинг ташаббусларини фақат тинглаш билан чекланиб қолмасдан, уларни амалий натижага айлантириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Кўтарилган муаммоларни ҳал этиш ва белгиланган вазифалар ижроси назоратга олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири