Ёшлар парламентаризми: янги ғоялар ва халқаро ҳамкорлик майдони
Жорий йилнинг 4–6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламентчилар XII глобал конференцияси бўлиб ўтади. “Бугунги таҳликали даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва қадр-қимматни қайта қарор топтириш” мавзусида ташкил этилаётган ушбу нуфузли анжуман дунёнинг турли мамлакатларидан 40 ёшгача бўлган парламент аъзоларини бир майдонга жамлайди.
Парламентлараро иттифоқ конференция дастурига кўра, иштирокчилар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшларнинг сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштироки, тинчлик, инклюзив бошқарув ва парламент дипломатиясининг замонавий вазифаларини муҳокама қилади.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанднинг мазкур нуфузли анжуманга мезбонлик қилиши тасодифий танлов эмас. Сўнгги йилларда Ўзбекистон парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, ёшларни давлат бошқарувига жалб этиш ва парламент дипломатиясини ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айлантириш борасида изчил қадамлар ташламоқда. Шу боис, Парламентлараро иттифоқнинг ушбу йиғинини мамлакатимизда ўтказиш тўғрисидаги қарор халқаро парламент ҳамжамиятининг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончи ва эътирофининг амалий ифодаси сифатида баҳоланмоқда.
Парламентлараро иттифоқ бугунги кунда жаҳондаги энг йирик парламент ташкилоти ҳисобланади. У 1889 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 183 та миллий парламентни бирлаштиради. Дунёдаги 188 миллий парламент таркибида қарийб 44 минг нафар депутат фаолият юритади. Ташкилот сўнгги йилларда ёшлар ва аёлларнинг парламентлардаги вакиллигини оширишни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган.
Иттифоқ маълумотига кўра, бугун дунё аҳолисининг ярмидан кўпи 30 ёшдан кичик бўлса-да, миллий парламентларда уларнинг улуши 3 фоизга ҳам етмайди. Ана шу номутаносибликни бартараф этиш мақсадида ташкилот ёш парламентчилар глобал конференцияларини мунтазам ўтказиб келмоқда. Бу форумлар ёш сиёсатчилар учун тажриба алмашиш, қонун ижодкорлиги соҳасидаги илғор амалиётларни муҳокама қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш майдони вазифасини бажаради.
Диёримизда ҳам бу борада институционал асослар изчил шакллантирилмоқда. Олий Мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламентининг фаолияти, ёшларнинг қонунчилик ташаббусларини илгари суришдаги иштироки ва парламент дипломатиясига жалб этилиши мамлакатда ёшлар сиёсати янги босқичга кўтарилганини кўрсатади. Самарқанд конференциясига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам анжуманни юқори савияда ташкил этиш билан бир қаторда, унинг амалий натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, форум Ўзбекистоннинг халқаро парламент майдонларидаги нуфузини янада ошириш, ёш депутатлар ўртасида барқарор мулоқот тармоғини шакллантириш ва қонунчилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Самарқанд конференцияси доирасида нафақат ялпи мажлислар, балки интерактив муҳокамалар, тематик сессиялар ва ёш парламентчиларнинг ташаббусларини муҳокама қилишга бағишланган махсус форматлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Миллий парламентларга 40 ёшгача бўлган тўрт нафаргача депутатдан иборат, гендер мувозанати сақланган делегациялар билан иштирок этиш тавсия қилингани ҳам мазкур майдоннинг инклюзив хусусиятини кўрсатади.
Бугунги кунда парламент дипломатияси анъанавий давлатлараро мулоқот доирасидан чиқиб, «юмшоқ куч»нинг муҳим воситаларидан бирига айланиб бормоқда. Бу жараёнда ёш парламентчиларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки бугун шаклланаётган мулоқот ва ҳамкорлик тармоқлари эртанги сиёсий етакчилар ўртасидаги ишончли муносабатларнинг пойдеворини яратади.
Шу маънода, Самарқандда бўлиб ўтадиган XII глобал конференция фақат навбатдаги халқаро тадбир эмас, у ўлкамизнинг ёшларга оид давлат сиёсати, парламент ислоҳотлари ва халқаро парламент дипломатиясидаги фаоллигини намоён этадиган муҳим сиёсий платформа ҳисобланади. Энг муҳими, мазкур тадбир мамлакатнинг глобал парламент мулоқотидаги иштирокини кучайтириш, ёшлар парламентаризми соҳасида илғор тажриба алмашиш ва келгусидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА